Вагинизм

Вагинизм [лот. vagina – қин], эрзадалик – қин ва чаноқ туби мушакларининг тортишиб қисқариши; бу ҳол жинсий алоқага путур етказади. Вагинизмда аёлнинг ташқи жинсий аъзосида рўй берадиган ортиқча оғриқ сезувчанлик эр билан яқинлик қилиш имконини бермайди. Шу сабабдан аёл жинсий алоқадан безиллаб қолади. Одатда, бундай ҳол биринчи жинсий алоқада қўполликни сезган аёлдаги руҳий изтироб, қўрқув, эрни хуш кўрмаслида ва айрим ҳолларда ташқи жинсий аъзосида яллиғланиш, жароҳат бўлган аёлларда кузатилади. Баъзан эркакнинг жинсий заифлиги вагинизмга сабаб бўлиши мумкин. Вагинизмнинг олдини олишда турмуш қураётган ёшларнинг мутахассис тиббий кўригидан ўтишлари муҳим.

Загрузка...