Вазопрессин [лот. vas – томир ва presso – босаман], антидиуретик гормон – гипоталамусда ҳосил бўладиган нейрогормон. Кимёвий табиатига кўра полипептид. Томирларнинг силлиқ мушакларига таъсир этлб, уларни торайтиради ва қон босимини оширади, буйракларнинг найчаларида сувнинг қайта сўрилишини кучайтириб шу тариқа сийдик ажралишини камайтиради (антидиуретик таъсир). Вазопрессин гипоталамус олдинги ядроларининг нейро-секретор ҳужайраларида ҳосил бўлиб, нерв толалари орқали гипофизга ўтади, ундан қонга ажралади. Вазопрессин антидиуретик таъсир кўсатганлиги учун умуртқали ҳайвонлар билан одам организмида сув-туз алмашинувини деярли бир меъёрда сақлаб туради. Бу гормон етишмаганда қайдсиз диабет пайдо бўлиши мумкин. Таркибида вазопрессин бўлган дори воситалари гипофизнинг орқа бўлагидан олинади.
[addtoany]