Варикоцеле

Варикоцеле [лот. varix – кенгайган вена ва юн. kele – ўсма] – эркаклар уруғ тизимчаси венасининг кенгайиши ва узайиши. Кўпроқ уруғ тизимчаси венасининг буйрак венасига бурчак ҳосил қилиб қўшилишидан вужудга келади. Баъзан оғир жисмоний иш қилиш сабаб бўлади. Варикоцеледа, асосан, уруғ тизимчасининг чап томони касалланади; 17-30 ёшли кишиларда учрайди, болалар ва кемаларда аҳён-аҳёнда кузатилади. Уруғ тизимчаси венасидаги морфологик ўзгаришларга, шунингдек, касалликнинг клиник кўринишига қараб, варикоцеленинг 3 босқичи фарқ қилинади. Беморларнинг кўпчлигида (71 % ида) 1-босқич кузатилади; улар ўзларини деярли соғлом ҳис қиладилар. Касалликнинг 2-боскичида (20 %) чап томондаги мояк ва ёрғок пастроқ туради. Киши жисмоний толикканда мояк соҳаси симиллаб оғрийди ва огирлашгандек сезилади; ёрғоқни кўтарувчи мушак бўшашади, уруғ тизимчаси йўғонлашди. Беморларнинг 9 % ида 3-боскич кузатилади; мояк шишади ва буришиб қолади, мояк, бел ва думғаза соҳаси оғрийди, жинсий фаолият сусаяди. Даво касалликнинг кечиши ва босқичига қараб олиб борилади. Варикоцеленинг асосий сабаби бартараф этилади, Венани боғлаш ёки эмболизациялаш операцияси қилинади.

[addtoany]