Вентиляция

Вентиляция [лот. ventilatio – шамоллтиш] – хоналарнинг ҳавосини алмаштириб туриш ҳамда бу ишни амалга оширадиган қурилмалар мажмуи. Шахталар, саноат корхоналари, тураржой бинолари, жамоат уйлари ҳавосини янгилаш учун қўлланилади. Биноларнинг ҳавоси вақт ўтиши билан физик ва кимёвий жиҳатдан салбий томонга ўзгаради, чунки одам териси, нафас аъзолари орқали, ускуналарнинг ишлаш жараёнлари туфайли ва бошқа(лар) йўллари билан ташқи муҳитга иссиқлик, сув буғлари, карбонат ангидрид ва қўланса ҳидли моддалар (тер, органик моддаларнинг бузилиш маҳсулотлари ва бошқа(лар)) ажралади. Маълумки, катта ёшдаги одам нормал (20°) ҳароратда ташқи муҳитга 1 соатда 22-40 л карбонат ангидрид, 100-200 ккал иссиқлик ва 50 г сув буғи чиқаради. Ёпиқ хоналар ҳавоси ўзгарганда организмдаги баъзи жараёнлар бузилиб, киши димикиб қолади. Баъзи саноат корхоналаридан чиқадиган бадбўй ҳид ва кимёвий моддалардан ифлосланган ҳаво кишиларнинг марказий нерв тизими, юрак-томир тизими, ички аъзолари ва ҳатто мушакларига таъсир этиб, қон босимини оширади, юрак урушини тезлаштиради, ички босимини кўтариб юборади ва ҳ. к. Кишиларнинг яшаши, ишлаши ва дам олиши учун мўътадил шароит яратишда вентиляция муҳим омил ҳисобланади. Иссиқ минтақали жойларда, шу жумладан, Марказий Осиё ҳудудида вентиляциянинг аҳамияти, айниқса, катта. Шу боис бўлса керак ота-боболаримиз, усталаримиз, қад. меъморларимиз унга азалдан эътибор бериб келишган. Эшик ва деразанинг юқори қисмига ишланган панжарапар, ошхона, новвойхоналар томидаги очиқ мўрилар вентиляция вазифасини ўтаган.

Вентиляциянинг табиий ва сунъий хиллари бўлади. Табиий хилида хоналар дераза ва эшиклар орқали шамоллатилади. Сунъий вентиляцияда махсус қурилмалар (вентилятор ва бошқа(лар)) ишлатилади. Сунъий вентиляция ҳаво ўз-ўзидан алмашинадиган (хона ичидаги ва ташқи ҳаво оғирликлари орасидаги фарқ ҳисобига) ва мажбуран (вентилятор ёрдамида) алмаштириладиган хилларга бўлинади. Саноат биноларида зарарли ва портлаш хавфи бўлган газ ҳамда чанглар эжектор ёрдамида чиқариб тузилади. Тураржойларда эшик, ром орқали ҳаво доимо алмашиниб туради (табиий вентиляция), ташқи ҳаво ҳарорати хонадги ҳаво ҳароратидан қанча кўп фарқ қилса, ҳаво шунчалик яхши алмашинади. Кўп қаватли уйларда хоналар ҳавосини тоза тутиш учун ошхона, ванна, ҳожатхона ҳавоси вентиляция тизими ёрдамида алмаштириб турилади. Вентиляция умумий (ҳамма хоналар марказлашган усулда шамоллатилади) ва маҳаллий (хоналар алоҳида-алоҳида шамоллатилади) хилларга ҳам бўлинади. Театр, кинотеатр, ресторан, мактаб, касалхона ва бошқа(лар) жамоат биноларида, асосан, сунъий ва умумий шамолатиш тизими ишлатилади. Хоналарни вентиляция ёрдамида шамоллатиб тузишдан ташқари уларнинг ҳарорати ва намлигини мўътадиллаб туриш ҳам зарур. Бу тадбир кондиционер ва иситиш тизимлари ёрдамида амалга оширилади.

[addtoany]