Вестибуляр аппарат

Вестибуляр аппарат [лот. vestibulum – даҳлиз, йўлак] – умуртқали ҳайвонлар ва одам ички қулоғининг бир қисми; бош билан тананинг фазодаги вазияти ўзгаришини ва гавданинг қай томонга ҳаракатланаётганлигини сезадиган аъзо. Вестибуляр аппарат вестибуляр анализаторининг периферик рецепторларидир. Бу рецепторлар ички қулоқ даҳлизининг саккулус ва утрикулус деб аталадиган парда халтачаларида (отолит аппарат) ҳамда ярим доира каналларининг кенгайган уйларида (ампуляр аппарат) жойлашган. Халтачалар ва ярим доира каналлар тўқима суюқлиги (эндолимфа) билан тўла бўлади. Мувозанат рецепторларидан статик (гавданинг ҳолати билан боғланган) ва динамик (тезланиш билан боғланган) сигналлар келади. Бу сигналлар сезувчан толалар механик таъсирланганда рўй беради. Гавда ҳолати ўзгарганда сезувчан толаларга отолит томондан таъсир этаётган куч йўналиши ҳам ўзгаради. Шу боис вестибуляр аппарат қаттиқ таъсирланганда (масалан, денгиз касаллигида) кўнгил беҳузур бўлиб, бош айланади, ранг ўлади, юрак уриши, нафас олиш тезлиги ўзгаради. Кучли вестибуляр таъсирот ҳадеб такрорланаверганда унга нисбатан бўладиган реакция кучсизланади. Шу боис денгизчилар, учувчилар ва фазогирларни жисмоний чиниктиришда вестибуляр машқ қўлланилади.

[addtoany]