Ветеринария-санитария назорати

Ветеринария-санитария назорати – чорвачилик фермалари, паррандачилик фабрикалари, гўшт-сут комбинатлари, ҳайвонот маҳсулотлари ва хомашёсини тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш билан шуғулланадиган корхоналарнинг ветеринария-санитария ҳолати устидан давлат ва и. ч. назорати тизими. Турли касалликларнинг олдини олишда, ҳайвон ва паррандаларни сўйишда, маҳсулотларни ташишда, ҳайвонлар, ҳайвонлардан олинган маҳсулотлар ва хомашёни экспорт-импорт ва улар билан савдо қилишда ветеринария-санитария назорати ғоят катта аҳамиятга эга. Назорат тадбирлари аҳолини юқадиган касалликлардан асраш, ҳайвонлар ўртасида юқумли касаллик пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида ўтказилади. В.-с. н. нинг вазифаси гўштни қайта ишлаш корхоналарига ветеринария хизмати кўрсатиш, деҳқон бозорларида маҳсулотларни текшириб туриш, ҳайвонларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш, уларнинг маҳсулотларини четга чиқариш ва келтириш устидан назорат ўрнатишдан иборат. В.-с. н. мамлакатимиздаги ҳамма ветеринария муассасалари, жумладан, гўшт-сут ва бошқа(лар) озиқ-овқатларни назорат қилиш ст-ялари, тери, жун маҳсулотларини текшириш лаб. лари, давлат чегара пунктлари, гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари қошидаги и. ч.-ветринария назорат бўлими томонидан олиб борилади. ветеринария-санитария назоратининг асосий тартиби Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида» Қонунида (1993 й. 3 сент.) батафсил белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ветеринария бош бошқармаси мамлакатда В.-с. н. га раҳбарликни амалга оширадиган марказий орган бўлиб, унинг кўрсатмалари шу соҳадаги идора ва корхоналар учун сўзсиз бажарилиши лозим.