Врачлик пункти

Врачлик пункти – ЎзР шаҳар ва кишлоларида ташкил этиладиган тиббий муассаса. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «1996-2000 й. ларда қишлоқлар ижтимоий инфраструктурасини ривожлантириш дастури тўғрисида» чиқарган (1996.21.5 №182) қарорига мувофиқ биринчи марта 1996 й. да ташкил этилган. Врачлик пунктида камида 10-12 хона, жумладан, катта ёшдаги кишилар ва болаларни умумий қабул қиладиган врач хонаси, рўйхатга олиш, муолажа қилиш, электрокардиография, физиотерапия, аёлларни кўздан кечириш, шунингдек, болаларни эмлаш (вакцинация) хналари бўлади. Кундузи ётиб даволанадиган хоналар, дорихона ҳам бўлиши шарт. Врачлик пункти ўзи хизмат кўрсатадиган аҳоли ўртасида профилактик ва соғломлаштириш ишларини олиб боради. Муайян ҳудудда яшайдиган 1500-2000 аҳолига 1 врач умумий амалий ёрдам кўрсатади. Врачлик пункти оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилади; сил, онкологик, таносил касалликларига қарши кураш олиб боради; аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этади.

Врачлик пункти ходимларининг вазифаси қуйидагилардан иборат: шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш; пунктга бириктирилган катта ёшдаги кишилар ва болалар ўртасида касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва соғломлаштириш ишларини олиб бориш; уйга бориб тиббий ёрдам кўрсатиш; пунктда кундузи ётиб даволанаётган ва уйда даво олаётган беморларга муолажа қилиш; болаларни ўз муддатда эмлаш; маълум муддатларда ва тасдиқланган ҳужжатларга мувофиқ аҳолини профилактик тиббий кўрикдан ўтказиб туриш; меҳнатга қобилиятсизликни аниқлаш ва касаллик варакаси бериш.

Загрузка...