Халқаро қизил хоч ва қизил ярим ой ҳаракати

Халқаро қизил хоч ва қизил ярим ой ҳаракати – умумжаҳон инсонпарварлик ҳаракати. 1863 й. да асос солинган. Мазкур ҳаракат 3 тузилма – Халқаро Қизил хоч қўмитаси (ҲҚХҚ); Халқаро Қизил хоч ва Қизил ярим Ой жамиятлари федерацияси (ХҚХ ва ҚЯОЖФ): Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой Миллий жамиятлари (МЖ)дан иборат: Ҳ. Қ. X. ва Қ. я. О. ҳ. уччала тузилмасининг фаолият ваколатлари Ҳ. Қ. X. ва Қ. я. О. ҳ. нинг Устави (1986) ва Севилья битими (1999) асосида белгиланган. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси инсонпарварлик ташкилотидир. Асосан, қуролли тўқнашуларда жабрланганлар, қуруқлик ва денгиздаги ярадор ва бемор ҳарбий хизматчилар, ҳарбий маҳбуслар, фуқаро аҳолига ёрдам бериш, шунингдек, ҳарбий низолар ва бошқа(лар) фавқулодда вазиятлар оқибатида ажрашиб қолган ҳамда бедарак йўқолган шахсларни қидириш вазифасини бажариб, бетараф воситачи сифатида инсонпарварлик ёрдами кўрсатади. Тинчлик соҳасидаги фаолият учун Нобель мукофоти билан тақдирланган (1917, 1944, 1963 й. лар). Қароргоҳи Женева ш. да. Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой жамиятлари федерацияси 1919 й. тузилган инсонпарварлик ташкилоти. Дунёнинг 181 мамлакати Миллий жамиятларини бирлаштиради (2004). Асосан, табиий офаларга тайёрланиш ва уларга муносабат билдиришда Миллий жамиятларга ёрдам бериш, табиий офатлар, техникавий ва саноатдаги авариялар, фалокатларда алоҳида халқаро инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга оид амалларни ташкил этиш ва мувофиклаштириш, аҳоли саломатлиги профилактикаси, энг муҳтож кишиларга караш ва уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни таъминлаш, аҳолини 1-ёрдам кўрсатишга ўқитиш, кўнгиллиликни ривожлантириш вазифаси билан шуғулланади. ХҚХ ва ҚЯОЖФ фаолиятини Котибият таъминлаб туради. У Женева ш. да жойлашган. Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой Миллий жамиятлари – ҳукуматлари Женева конвенцияларига имзо чеккан мамлакатлардаги Миллий жамиятлар. Қоидага кўра, ҳар бир мамлакатда фақат битта Қизил Хоч ёки Қизил ярим Ой Миллий жамияти тузилиши мумкин.

Ўзбекистон Қизил ярим Ой жамияти 1925 й. ташкил этилган бўлиб, собиқ СССРнинг Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой жамиятлари уюшмаси таркибига кирар эди. 1992 й. да мустақил Миллий жамият мақомига эришди. 1995 й. да Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси томонидан эътироф этилиб, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой жамиятлари федерациясига аъзо бўлди (яна қ. Ўзбекистон Қизил ярим Ой жамияти).

[addtoany]