Хафақон

Хафақон [араб. – урмоқ, титрамоқ] – Юракнинг тез ёки нотекис уришини сезиш ҳолати. Бу сезги юрак-томир ва бошқа(лар) тизимлар (масалан, нерв, эндокрин тизими) касалликларида, шунингдек, соғлом кишиларда кучли ёки одатдан ташқари жисмоний зўриқиш, ҳаяжонланиш ва бошқа(лар)да пайдо бўлади. Хафақонни даволаш ва олдини олиш касалликни келтириб чиқарган сабабларга боғлик. Баъзан «X.» атамасини юрак уришининг ўзгариши қон босими ошганида ҳам кузатиганлигидан гипертония касаллигига нисбатан ҳам ишлатадилар.

X. тушунчаси аслида Шарқ табобатидан маълум. Ўтмишда табиблар X. сабабларини тўғри тушуниб, унинг кўп ва хилма-хил касалликлар (масалан, Юракнинг органик ва функционал ўзгаришларида, ўпка, меъда ва ичак хасталикларида, яллиғланиш, шикастланиш, заҳарланиш, иситмалаш, гижжа касаллигида, бирор нарса чаққанда юзага келишини ва бошқа(лар))да кузатганлар. Улар юрак уриши ўзгаришларини пульс сифатлари (яъни пульс тезлиги, текис ёки нотекислиги, тўлиқ-тўлиқмаслиги ёки таранглигига) кўра аниқлаганлар. Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида X. ҳақида муфассал айтиб ўтган. Унга кўра, X. гоҳо хилтли моддадан, гоҳо мизождан, гоҳо шишдан, гоҳида узлуксизликнинг бузилишидан, баъзан эса қаттиқ ҳисдан ва бошқа(лар) ёт нарсалардан пайдо бўлади. Хилтли модда гоҳо қондан, гоҳо рутубатдан, гоҳо сафродан, гоҳо ёддан иборат бўлиши мумкин. Баъзан фақат юрак азиятлари эмас, балки ўпканинг юракка ёндош томонида тиқилмалар кўпайиб, нафас керагича ўта олмаслиги (ўпканинг ҳамкорлиги билан), меъда аҳволининг ўзгариши (меъданинг ҳамкорлиги билан) ҳам X. пайдо бўлишига олиб келади. Хафақоннинг ҳамма турида томир нотекис уриши кузатилади, аммо касаллик белгилари унга сабаб бўлган омилларга боғлик бўлади (масалан, хафақонга гижжалар сабаб бўлса, бунда ланжлик, сўлак оқиши ва бошқа(лар) кузатилади).

Загрузка...