Хасмол

Хасмол, милкак, панариций – қўл бармоғи тўқималарининг ўткир йирингли яллиғланиши. Кўпинча, бармокнинг охирги (тирноқ) фалангасидаги майда жароҳатга (ёриқ, тирналган, тикан, зирапча кирган, пичоқ кесган, санчилган) йиринглатувчи микроблар киришидан пайдо бўлади. Яллиғланиш юзада (терида, тирноқ яқинида) ва чуқур (тери остида) пайда, бўғимда, суякда бўлиши мумкин.

Юза хасмолда йиринг эпидермис остида йиғилади; атрофидаги тери қизаради, оғрийди (асосан, ачишиш сезилади). Пуфак аста-секин катталашади, бунда йирингли яллиғланиш камдан-кам ҳолларда чуқурроқ жойлашган тўқималарга ўтади. Тирноқ яқинидаги хасмолда йирингли пуфак тирноқ гардиши терисида ҳосил бўлади. Агар йиринг тирноқ илдизи остига ўтса, тирноқ ости хасмоли дейилади ва бу, одатда, тирноқ кўчиб тушгандан сўнг йўқолади.

Чуқур X., одатда, бармокнинг кафт юзасида, аввалига тери остида пайдо бўлади. Бу юзадаги тери қалин бўлганидан унинг остида ҳосил бўладиган йиринг узоқ вақтгача ташқарига ёриб чиқа олмайди, натижада пайга, бўғимлага ва суякка ўтади, баъзан уларни бир вақтнинг ўзида шикастлантиради. Бунда кучли оғриқ пайдо бўлади, касалланган бармоқ безиллаб туради. Бармоқни кимирлатганда, уни букиб ёзганда огриқнинг кучайиши хасмолнинг пай ёки бўғимга ўтганлигини билдиради.

Хасмолнинг ҳар қандай шакли ва айниқса, чуқур X. нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. Хасмолнинг олдини олишда бармоқларни шикастланишдан асраш, қўлни тоза тутиш, тирноқ олишда эҳтиёт бўлиш зарур. Бармоқ териси салгина шикастланганида уни тоза сув билан ювиб, йод, спирт суртиш ва ўша жойни стерил бинт билан боғлаш лозим. Хасмолни ўз билгича даволаш ярамайди.

Давоси: консерватив муолажалар (УВЧ, ултратовуш, кварц) ўтказилади, агар улар наф бермаса жарроҳлик усули қўлланилади.

[addtoany]