Хотира – инъикос этилган нарса ва ҳодисаларни ёки ўтмиш тажрибаларни эсда қолдириш ва зарур бўлганда тиклашдан иборат психик жараён. У нерв тизими хусусиятларидан бири бўлиб, ташқи олам воқеалари ва организм реакциялари ҳақидаги ахборотни узоқ сақлаш ҳамда уни онг фаолиятида ва хулқ, хатти-ҳракат доирасида такрор тиклаш кобилиятида намоён бўлади.
X. ҳақидаги дастлабки илмий қарашлар Шарқ мутафаккирлари ва юнон файласуфлари (Аристотель ва бошқа(лар))да учрайди. Хусусан, Форобий хотирага билишдаги ақлий жараённинг таркибий қисми сифатида қараб, хотирани фақат инсонга эмас, ҳайвонга ҳам хос хусусият эканини алоҳида таъкидлаган.
Хотиранинг физиологик асоси бош мия ярим шарлари пўстлоғининг муваққат боғланиши (қ. Ассоциация) ва уларнинг кейинги фаолиятидан иборат. X. кўлами, ахборотларнинг узоқ вақт ва мустаҳкам сақланиши, шунингдек, муҳитдаги мураккаб сигналларни идрок этиш ва адекват реакцияларда ишлаб чиқиш бош мия нерв ҳужайралари (нейронлар) сонининг кўпайиб бориши ҳамда унинг структураси мураккалашуви жараёнида ўсиб боради. Физиологик тадқиқотларда қисқа ва узоқ муддатли хотиралар қайд этилган. Қисқа муддатли хотирада ахборотлар бир неча дақиқадан бир неча ўн минутгача сақланади, нейронлар ишига халал борилганда (масалан, электр шок, наркоз таъсирида) у бузилади. Узоқ муддатли хотирада ахборотлар одам умри бўйи сақланиб турли таъсирларга чидамли бўлади. Қисқа муддатли X. аста-секин узоқ муддатли хотирага айланади. X. руҳиятнинг ўтмиш ҳолати билан ҳозирги ҳолати ва келгусидаги ҳолатларга тайёрлаш жараёнлари ўртасидаги ўзаро алоқадорликни кўрсатади. Бошқа психик ҳодисалар каби X. ҳам шахснинг хусусиятлари, унинг эҳтиёжи, қизиқишлари, одати, феъл-атвори ва ш. қ. билан узвий боғлиқ.
X. намоён бўлишдаги шаклига кўра, шартли равишда эмоционал X. (ҳис-туйғуни эсда тутиш), образ хотираси (нарсаларнинг тасвири ва хусусиятларини эсда тутиш), сўз-мантиқ хотираси (нарсаларнинг моҳияти, мазмунини сўз билан ифодаланган ҳолда эсда тутиш) каби турларга бўлинади. Булардан инсонда сўз-мантиқ хотираси етакчи ўрин тутади. Хотиранинг барча тури бир-бирлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кечади. Психологияда, шунингдек, ихтиёрий ва ихтиёрсиз хотиралар фарқ қилинади. Ихтиёрий хотирада муайян материални эсда олиб қолиш олдиндан мақсад қилиб қўйилади; ихтиёрсиз хотирада бундай мақсад бўлмайди – бирор фаолиятда (масалан, меҳнат жараёнида ёки ким биландир суҳбатлашиб турилганда) ўз-ўзидан эсда сақлаб келинади. Барқарорлиги жиҳатдан ихтиёрий X. ихтиёрсиз Х. дан самаралироқ.
Фанда X. билан боғлиқ равишда унутиш масаласини ўрганишга аҳамият берилмоқда. «Нормал» унутишни психик касалликлардаги X. бузилишидан фарқ қилмоқ керак. Бу касалликларда X. сусайиши (гипомнезия), йўқолиши (амнезия) ёки бир томонлама кучайиши (гпермнезия) кузатилади. Баъзи касалликларда у сифат жиҳатдан бузилади: беморга бўлмаган воқеаларни гўёки ўз бошидан кечиргандек туюлади, ёки қачонлардир бўлиб ўтган воқеаларни кеча ёки бугун рўй берган деб ўйлайди (конфабуляция, псевдореминсценция). Бундай сохта Х. лар кишида жиддий руҳий хасталиклар оқибатида келиб чиқади. Бундай касалликларга бош мия қон томирлари атеросклерози, шикастланиш, мияга қон қўйилиши ҳолатлари, оғир заҳарланишлар оқибати (масалан, алкоголизмда учрайдиган психоз) ва ш. к. киради. X. бузилганда уни келтириб чиқарувчи асосий касалликни даволашга эътиборни қаратиш керак.
[addtoany]