Йўғон ичак

Йўғон ичак – одам ва умуртқали ҳайвонлар ичагининг бир қисми; ўнг ёнбош соҳасида бевосита ингичка ичакдан кейин бошланиб орқа чиқарув тешиги (анус) билан тугайди. Эволюция жараёнида умуртқали ҳайвонлар йўғон ичагининг шакли ўзгарган: тубан умуртқалилар, рептилийлар ва қушларда йўғон ичак қисқа, у билан ингичка ичак ўртасида аниқ чегара йўқ. Тоғайли ва икки хил нафас олувчи балиқлар, қуруқда ва сувда яшовчилар, судралиб юрувчилар йўғон ичак клоакага туташади. Кўпчилик сут эмизувчилар, хусусан, Одамда йўғон ичак кўричак (аппедикс ўсимтаси билан), чамбар ичак (кўтарилувчи, кўндаланг, тушувчи ва сигмасимон қисмлари билан) ва тўғри ичакдан иборат. Одам йўғон ичагининг ўз. 1,5-2 м бўлса, диаметри ингичка ичакка нисбатан икки ҳисса катта. Унинг девори эса шиллиқ, шиллиқ ости қавати, мушак ва сероз пардадан иборат. Шиллиқ пардада кўндаланг жойлашган бурмалар бўлиб, унда шиллиқ ишловчи майда безлар ва лимфоид тўқималар мавжуд. Узунасига йўналган мушак толалари лентасимон таркалганидан ичакдаги моддалар секин (16-18 соат) йўналади. Йўғон ичакнинг кўтарилувчи қисмида овқат қолдиғининг бир қисми ва сув шимилади. Овқат таркибидаги клетчатка йўғон ичакда парчаланиб, унинг маълум бир қисми шимилади. Ахлат, асосан, ушбу аъзода ташланиб тўғри ичакда йиғилади ва ихтиёрий бўшалиш рўй беради. Аъзо касалликларидан аппендицит, колит, проктит ва бошқалар кузатилади.

[addtoany]