Ёш психологияси

Ёш психологияси – турли ёшдаги одамлар хусусиятларини, бир ёш давридан бошқа ёш даврига ўтишда уларнинг психик ривожланишини ўрганувчи психология фани соҳаси. Ёш психологияси одамнинг туғилганидан бошлаб то кексайгунича бўлган давр (онтогенез)да амалга етадиган руҳий ривожланиши ва шаклланиши босқичларини ўрганади. Психологиянинг бу йўналиши мустақил фан сифатида 19-а. нинг охирларида шаклланди. Даставвал болалар психологияси сифатида юзага келган. Ёш психологияси узоқ вақт бола руҳий ривожланиши механизмларини ўрганиш билан чекланиб келган, бироқ инсоният тараққиётининг кейинги даражалари одам онтогенетик ривожланишини янада кенгроқ ва чуқурроқ ўрганишни тақозо этганлиги муносабати билан бу фаннинг тадқиқот доираси кенгайиб борди. Ҳоз. вақтга келиб ёш психологиясининг болалар психологияси, етуклик даври психологияси, геронтопсихология (кексалик психологияси) каби соҳалари фарқланади.

[addtoany]