Юмшоқ шанкр [ulcus molle], шанкрид, венерик яра – ўткир юқумли таносил касалликлардан; жинсий аъзолар териси ёки шиллиқ қаватларида оғриб турадиган юмшоқ яралар пайдо бўлиши билан ифодаланади, уни юмшоқ шанкр деб аталишининг сабаби ҳам шундан. Петерсен-Дюкрей-Унна стрептобациллалари кўзғатади, уни рус олими Петерсен (1887), итальян шифокори Дюкрей (1889), немис олими Ўйна (1892) топган. Касаллик, асосан, жинсий йўл билан юқади. Юмшоқ шанкрнинг кўтарилиб турувчи, серпигиноз, гангреноз, герпетик, фолликуляр ҳамда аралаш атипик хиллари фарқланади. Табиий шароитда юмшоқ шанкр билан фақат одам касаланади. Юмшоқ шанкр билан оғриган кишиларда барқарор иммунитет вужудга келмайди. Бацилла ташувчанлик кузатилади. Касалликнинг инкубацион (яширин) даври жуда қисқа, 2-3 кун давом этади. Юмшоқ шанкр юққанидан 1-2 кун ўтгач, микроб тушган жой қизариб, йиринг пайдо бўлади, сўнг у ёрилиб ярага айланади. Яра чети ўйилган, гадир-будур ва йирингли, атрофи яллиғланган, туби юмшоқ нотекис, тез қонайди, ушлаганда оғрийди. Одатда, ундан кўп йиринг оқиб, атрофидаги соғ тери ҳам зарарланади ва яра кўпаяди. Баъзан улар катталашиб, қўшилиб кетади. Яра 1-2 ойдан кейин билиб, чандиқлнади. Юмшоқ шанкрда баъзан микроблар регионар лимфа тугунларига ўтади ва улар яллиғланиб, шишади (яъни бубонлар ҳосил бўлади), йиринглаб ёрилади. Юмшоқ шанкрда зарарланган аъзо оғрийди, бемор ўзини нохуш сезади, тана ҳарорати юқори бўлади ва бошқа(лар) Гоҳо юмшоқ шанкр билан бир вақтда ёки кетма-кет захм ҳам қўшилиши, бунда унга хос белгилар кечроқ намоён бўлиши мумкин. Беморнинг қони ҳамда яралардан чиқадиган суюқлик текширилади, унда Петерсен-ДюкреУнна стрептобацилласининг топилиши Ю. ш. деб ташхис қўйишга асос бўлади. Касалликка гумон қилинганда бемор тери-таносил касалликлари шифокори назоратига олинади.
Давоси. Ўрта терапевтик Дозада сульфаниламид препаратлар ва антибиотиклар буюрилади. Олдини олишда шахсий гигиенага риоя қилиш, синашта бўлмаган кишилар билан яқинлик килмаслик талаб этилади.
[addtoany]