Юрак астмаси – юрак чап қоринчасининг ўткир етишмовчилиги хуружи. Юрак астмаси гипертония касаллиги, юрак тож томирлари етишмовчилиги, симптоматик артериал гипертензия, кардиосклероз, миокард инфаркти, юрак (аотал ва митрап) порокларида, шунингдек, юрак аритмиялари билан оғриб етарли даволанмаган беморларда касаллик кучайган даврида кузатилади. Юрак астмаси хуружи бир неча минутдан бир неча соатгача давом этиши мумкин. Бунда юрак чап коринчаси кескин заифлашиб, ўпкадан ўзига келаётган қонни аортага тўла ўтказа олмай қолади, айни вақтда, юрак ўнг қоринчасидан қоннинг кичик қон айланиш доирасига ўтказилиши давом этаверади; унда қон келиши ва чиқиб кетиши жараёнларидаги номутаносиблик оқибатида кичик қон айланиш доирасида қон димланиб, ўпкада газ алмашинуви бузилади, қонда карбонат ангидрид кўпаяди, бу эса нафас марказларини таъсирлаб бемор нафаси қисиши, бўғилиб қолишига сабаб бўлади. Жисмоний ё руҳий зўриқиш, қаттиқ ишлаш, ортиқроқ овқат ёки суюқлик истеъмол қилиш ва бошқа(лар), кўпинча, юрак астмаси хуружига олиб келади; баъзан хуруж касаллик белгиси ёки асорати сифатида намоён бўлади. Хуруж уйқуда тўсатдан бошланади. Беморга ҳаво етмай, ўрнидан туриб ўтиради, нафаси қисиб, хириллаб қолади, кўкаради, муздек тер босиб, ҳаллослайди, пульси тезлашади, ўлиб қолаётгандек ваҳимага тушади. Вақтида ёрдам кўрсатилмаса, ўпка альвеолаларига чиққан қон плазмаси «кўпира бошлайди». Бемор оғзидан қизғиш кўпик чиқади ва бу айрим ҳолларда нохушлик билан тугаши ҳам мумкин. Юрак астмаси ўпкада қон димланиши тезлиги ва кучига қараб, турли оғирлик ва муддат давомида кечади.
Биринчи ёрдам: хуруж тутганда беморни оёқларини пастга осилтириб ўтказиб қўйиш, деразаларни очиб тоза ҳаводан нафас олдириш, оёқларига иссиқ ванна қилиш ва дарҳол «тез ёрдам» чақириш зарур.
Давоси. Беморнинг умумий аҳволи, касаллик аломатлари ва ҳ. к. га қараб буюрилади, парҳез тавсия этилади. Хуруждан кейинги даврда муолажа асосий касалликни махсус режа асосида даволашдан иборат.
[addtoany]