Биринчи ёрдам

Биринчи ёрдам – бахтсиз ҳодисалар рўй берганда, киши шикастланганда ёки тўсатдан касал бўлиб қолганда унинг ҳаётини сақлаб қолиш ва ёмон асоратлардан омон қолиши учун кўрсатиладиган тез ва оддий тадбирлар мажмуи; тиббий ходим етиб келгунча ёки уларни касалхонага олиб боргунча амалга оширилади. Биринчи ёрдам ўз-ўзига ёки бошқалар томонидан (ўзаро) кўрсатилиши мумкин. Шикастланган одам жроҳатини ўзи боғлай олса, заҳарланиш аломати бўлганида, масалан, кўп суюқлик ичиб меъдани ювиш ва қайт қилишга қуввати келса, ўз-ўзига ёрдам кўрсатиши мумкин. Ўзаро биринчи ёрдам, одатда, бошқа киши томонидан кўрсатилади. Кишининг ҳаёти хавф остида қолганда, масалан, қон кетганда, ток урганда, заҳарланишда, кома, шок ва бошқа(лар) ҳолатларда дарҳол биринчи ёрдам кўрсатиш зарур. Кейинги кўрсатиладиган тиббий ёрдам биринчи ёрдамнинг қанчалик тўғри кўрсатилганлигига боғлиқ. Масалан, суяк очиқ синганда боғлов ва шина (тахтакач)нинг тез ва тўғри қўйилиши (қ. Иммобилизация), кўпинча, шок ва бошқа(лар) оғир касалликларнинг олдини олишга, шикастланиб беҳуш ётган кишини ёнбоши билан ётқизиш трахея ва бронхларга қусуқ массаси ҳамда қон кетиб қолмаслигига ёрдам беради.

Биринчи ёрдам уч хил тадбирлар мажмуасини ўз ичига олади: 1) ташқи шикастловчи омиллар (электр токи, босиб қолган оғир нарса ва бошқалар) таъсирини дарҳол бартараф этиш ёки шикастланган кишини ноқулай шароитдан холи қилиш (сувдан, ўт тушган жойдан олиб чиқиш ва бошқа(лар)); 2) шикастланиш тарзига қараб биринчи ёрдам кўрсатиш (булар ҳақида қ. Суяк чиқиши, Суяк синиши, Заҳарланиш, Ҳушдан кетиш, Жароҳатланиш, Куйиш) 3) яқин атрофдаги касалхона, поликлиникага етказиш. Одам тўсатдан бетоб бўлиб келганида, турли хил бахтсиз ҳодисалар рўй берганида, албатта, тез ёрдам чақириш, ноилож қолган ҳолларда дуч келган транспортда даволаш массасасига олиб бориш зарур. Тўғри биринчи ёрдам кўрсатиш учун доим тегишли билим ва малакани ошириб бориш лозим. Ишхона, автомашина ва уйдаги дори кутичада биринчи ёрдам учун зарур бўлган ҳамма нарса бўлиши керак.

[addtoany]