Юрак пороги – Юракнинг анатомик тузилишидаги турғун нуқсон, камчилик ва ўзгаришлар; нормал қон оқимига халақит беради. Туғма ва орттирилган юрак пороги фарқ қилинади. Туғма юрак пороги ҳомила юраги ва юрак йирик томирларининг эмбрионал ривожланиш даврида нотўғри шаклланиши натижасида рўй беради. Ҳомиладорликнинг илк даврида она организмининг заҳарланиши, баъзи касалликлар билан оғриши, ионловчи нурларнинг биологик таъсири, ирсий касазликлар ва ҳ. к. сабаб бўлади. Гўдаклик даврида (1 ёшгача) юрак-томир тизимининг тўла ривожланмай қолиши (масалан, очиқ артериал йўллар ёки овал тешикнинг битмай қолиши) хам юрак порогига киради.
Туғма юрак порогининг кўп учрайдиган турлари: катта ва кичик қон айланиш доиралари ўртасида ҳар хил комбинациядаги анормал йўллар, шунингдек, Юракнинг йирик томирлари (масалан, ўпка артерияси ва аорта)да торайган ёки битиб қолган жойлар бўлиши ёки шу томирларнинг нотўғри жойлашуви; аралаш пороклар; юрак бўлмачалар сони ва тузилишига оид нуқсонлар.
Артерия ва вена қонининг қай даража аралашиб туришига қараб баъзи туғма юрак пороги цианоз билан (кўк хилдаги пороклар), баъзилари цианозсиз (оқ хилдаги пороклар) ўтади. Бу қоннинг катта ва кичик қон айланиш доиралрини туташтирувчи ноўрин тешиклар орқали қайси томонга оқиб ўтишига (шунт йўналишига), ўпка артериясидаги босимнинг кўтарилиши даражаси ва юрак мушаклари ҳолатига боғлик. Боланинг жисмонан тузук ривожламаслиги, рангпарлик ёки кўкариб кетиш, нафас сиқиши, юрак ҳажми ва ҳолатининг ўзгариши, юракда шовқин эшитилиши ва бошқа(лар) туғма юрак порогига хос белгилардир.
Орттирилган юрак пороги ҳаёт даврида Юракнинг хасталаниши, аксари ревмокардит, баъзан атеросклероз, Септик эндокардит, захм ва ҳ. к. касалликлар оқибатида пайдо бўлади. Орттирилган юрак пороги та: юрак клапанларининг (ёпилиш вақтида) зич беркилмаслиги; бўлмача-коринчлар (ўнг ва чап бўлмача-коринчалар) ўртасидаги тешик ёки асосий Томирлар чиқиш жойининг торайиши (стенози); шу нуқсонларнинг аралаш бўлиши, бир ёки бир неча клапанда баравар камчилик бўлиши ва ҳ. к. киради. Юракнинг митрал (чап бўлмача билан қоринча ўртасидаги тешик ва икки тавакали клапан), аортал, мтрал-аортал ва бошқа(лар) пороклари фарқ қилинади. Юрак порогида клапан нуқсонлари туфайли қон қисман орқага қайтиб тушади ёки торайган тешикдан зўриқиб ўтиши натижасида Юракнинг мушак девори қалинлашиб (гипертрофия), кейинчалик қисқариш кучи сусаяди, бўшлиқлари кенгаяди (дилатация). Натижада қон айланиши издан чиқиб – қон айланиши етишмовчилиги содир бўлади. Орттирилган юрак пороги тез ёки узоқ вақт давомида аста-секин юзага келади. Пайдо бўлган иллатнинг жойи, тури, даражасига қараб касалликнинг клиник белгилари турлича намоён бўлади. Баъзан у узоқ вақт ҳеч қандай белгисиз кечиши ҳам мумкин. Ҳомиладорлик, зотилжам, грипп, шунингдек, кучли жисмоний зўриқиш ва бошқа(лар) касаллик белгиларининг кучайиши ва рўй-рост намоён бўлишига олиб келади. Томир уришининг тезлашуви, оёқдада шиш, ҳансираш каби юрак етишмовчилиги белгилари ва юракда шовқин пайдо бўлиши юрак пороги борлигидан дарак беради. Юрак порогининг клиник кўриниши порокнинг хусусияти, шунингдек, унга сабабчи асосий касалликнинг кечиши, беморнинг меҳнат ва дам олиш режмига боғлик. Вақтида терапевтик ва жарроҳлик усулида даволаш бемор аҳволини енгиллаштириб, умрини узайтириш имконини беради.
Даво шифокорнинг кўрсатмаси ва унинг доимий кузатуви остида олиб борилади. Юрак порогининг баъзи турларида дори-дармонлар, парҳез билан даволаш яхши натижа беради. Шу сабабли беморни операция қилиш-қилмасликни мутахассис шифокор белгилайди. Хирургик даво юрак порогини даволашнинг асосини ташкил қилади.
Олдини олиш учун юрак порогига сабаб бўладиган касалликларни ўз вақтида даволаш лозим.
[addtoany]