Анализаторлар (физиологияда) – юксак даражадаги ҳайвонлар ва одам нерв тузилмаларининг мураккаб тизими. Анализаторлар ташқи муҳит ва организмдаги таъсиротларни идрок этиб, таҳлил (анализ) қилади. Келадиган ахборот рецепторлар – сезувчан (афферент) нервлар охирларида қабул қилинади. Рецепторлар қўзғатувчи таъсирот энергиясини нерв импульсларига айлантиради, сўнгра булар нерв тизимининг ўтказувчи йўллари орқали унинг олий (марказий) бўлимларига – бош мия пўстлоғи қисмларига ўтади. У ахборотнинг асосий қисмини атроф муҳитдан олади. Бу экстрорецептив анализаторлар дейилади. Буларга эшитув, кўрув, ҳид, таъм билиш, туйғу аъзолари киради. Бошқа анализаторлар организмнинг ички муҳити ҳолатини таҳлил қилади (интерорецептив А). Вестибуляр ва таянч-ҳаракат аппарати, қон босимининг даражаси улар назорати остида бўлади.
Анализаторлар мураккаб тузилишга эга бўлиб, мияни организмдан ташқаридаги, шунингдек, унинг ичидаги ҳодисалар тўғрисида батафсил ахборот билан таъминлайди. Анализаторларнинг вазифаси шуки, уларнинг ёрдамида ҳайвон ташқи ҳамда ички муҳитдаги фойдали ва зарарли таъсирларни ажратиб, ҳаёт шароитига яхшироқ мослашади. Бирорта А. бузилганда (шикастланиш, касаллик туфайли) машқ жараёнида бошқа А. нинг имкониятлари кенгаяди. Масалан, кўзи ожиз кишиларда эшитиш, туйғу, босим ва ҳароратни сезиш қобилияти ривожланган бўлади. Одам онги борлигидан унда А. нинг аҳамияти янада катта.
[addtoany]