Рецепторлар

Рецепторлар [лот. receptor – қабул қилувчи] – ташқаридан (экстероцепторлар) ёки организмнинг ички муҳитидан (интероцепторлар) таъсиротни қабул қилиб ва уни нерв импульсларига айлантириб, марказий нерв тизимига ўтказиб берадиган сезувчи нерв толалари учлри ёки махсус ҳужайралар.

Экстероцепторлар одам ёки ҳайвон танасининг ташқи юзасида жойлашган бўлиб, ташқи муҳит таъсиротлари (масалан, ёруғлик, товуш тўлқинлари ва бошқа(лар))ни, мономодал рецепторлар фақат бир хил (масалан, механик таъсир ёки ёруғликни), полимодал рецепторлар эса ҳар хил (масалан, кимёвий ва механик) таъсиротни бир вақтда қабул қилади. Шунингдек, интерорецепторлар, бирламчи ва иккиламчи рецепторларлар бор. Бирламчи рецепторларнинг ташқи таъсирни қабул қилувчи негизи сенсор (сезувчи) нейронда бўлиб, у таъсиротдан бевосита (биринчи) қўзғалади. Иккиламчи рецепторларда эса тасирловчи билан сенсор нейрон оралиғида ташқи таъсирот энергиясини нерв импульсларига ўзгартирувчи кўшимча махсус ҳужайралар мавжуд. Рецепторлар таъсирланишидан ҳужайра мебранасида биоэлектр потенциаллари рецептор потенциалларига ўзгаради. Бунда рецептор ҳужайра ритмик импульсларни бевосита ҳосил қилади ёки уларни бошқа нейронда синапслар воситасида пайдо бўлишига олиб келади. Тасиротнинг узоқ давом этиши туфайли рецепторлардан бошланувчи нерв толасида импульслар частотаси камайиб кетади, натижада физиологик адаптация вужудга келади. Ҳар хил рецепторлар функцияси (масалан, вестибуляр аппаратлар ва бошқа Р.) ўзаро боғлиқ. Улар фаолиятини марказий нерв тизими бошқаради. Бу хужайралар фаолияти биоэлектр потенциалларини бевосита Р. дан ёки у билан боғлик нерв толасидан, шунингдек, у қўзғалишидан ҳосил бўлган рефлектор реакцияларни қайд этиш йўли билан ўрганилади.

Фармакологик (ҳужайравий ёки тўқима) Р. эффектор ҳужайра мембранасида жойлашган. Булар нерв ва эндокрин тизимнинг бошқарувчи ҳамда ишга туширувчи сигналларини, кўпгина фармакологик препаратларнинг шу ҳужайрага танлаб таъсир этишини қабул қилади, кўрсатилган таъсирни унинг ўзига хос биокимёвий ёки физиологик реакцияга ўзгартиради. Нерв тизимининг фармакологик Р. воситасида юз берадиган иши фанда яхши ўрганилган.

[addtoany]