Ангина

Ангина [лот. angina – бўғилиш] – танглай муртак безларининг яллиғланиши билан кечадиган ўткир инфекцион касаллик; кўпроқ стретококк, стафилококк ва бошқа(лар) микроблар кўзғатади. Улар ҳалқумга аксари ангина бўлган бемор фойдаланган уй-рўзғор буюмлари (масалан, ювимаган идиш-товок ва бошқа(лар))дан тушади. Кўпинча, ҳалқумда бўладиган ва, одатда, касаллик қўзғатмайдиган микроблар айрим нохуш омиллар таъсирида, масалан, киши совқотганда ёки ҳарорат ўзгарганда касаллик қўзғатиши мумкин. Баъзан оёқнинг ҳўл бўлиши, музқаймоқ ёйиш, совуқ сув ичиш, муздек сувда чўмилиш ва бошқа(лар) ҳолларда ангина билан оғриш кузатилади. Ҳалқумга мунтазам тушиб турадиган тутун, чанг, спиртли ичимликлар, шунингдек, бурун орқали нафас олишни қийинлаштирадиган аденоидлар ва бурун-халқумнинг бошқа касалликлари ангинага сабаб бўлиши мумкин. Бурун ва ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши (масалан, гаймрит), шунингдек, оғиз бўшлиғидаги йирингли яллиғланишлар (чириган тишлар) ҳам ангинага сабаб бўлади. Касаллик тўсатдан бошланади. Беморда мадорсизлик, бош оғриғи, томоқ қақраб оғриши, ачишиши, ютинганда оғриқ кузатилади. Ҳ-рат кўтарилади (38-41°); муртак безлари қизариб, улар юзасида йирингли караш пайдо бўлади. Касаллик билан тез-тез оғриш натижасида муртак безлари сурункали яллиғланадиган бўлиб қолади. Ангинанинг катарал, фолликуляр, йирингли ва бошқа(лар) хиллари фарқ қилинади. Маҳаллий (перитонзилляр абсцесс, ўрта қулоқнинг ўткир яллиғланиши) ва умумий (бўғимлар, юрак, буйракнинг зарарланиши) асоратлар қолдирши мумкин. Шифокор кўрсатмаларини бекаму кўст бажариш тез соғайиб кетишга имкон беради ва асоратлар авж олишига йўл қўймайди.

Загрузка...