Бурун – одам ва умуртқали ҳайвонлар нафас йўлларининг бошланғич қисми ва ҳид билиш аъзоси. Овоз чиқариш ва сўзлашда резонатор вазифасини ўтайди (овозни кучайтиради ва унга оҳанг беради); ташқи бурун, бурун бўшлиғи ва бошқа(лар)нинг ёндош бўшлиқларига бўлиниб, ёндош бўшлиқлар Б. бўшлигига тор тешиклар орқали очилади. Ташқи Б. суяк-тоғай скелтидан тузилган. Тоғай тўқима борлиги туфайли ташқи Б. эгилувчан. Аъзо териси бағрида ёғ безлари бор. Бурун бўшлиғи (Cavitas nasi) юпқа тўсиқ орқали икки бўлакка ажралган бўлиб, катаклар орқали ташқи муҳит билан, хоана орқали эса бурун-ҳалқум билан туташади (қ. Ҳалқум). Бурун бўшлиғининг туби қаттиқ танглай суяги ҳисобланиб, юқори девори ғалвирсимон юпқа суяк пластинкадан иборат, ҳидлов нервининг толалари шу пластинка тешикларидан ўтиб, унинг бўшлиғига киради. Бурун бўшлиғи деворини ҳипилловчи эпителийли шиллиқ парда қоплаб олган. Унинг туклари бир маромда тебраниб туради. Бурун бўшлиғини иккига (ўнг ва чапга) бўлиб турган тўсиқнинг орқа қисми суяк тўқима, олд қисми тогайдан иборат бўлиб, Б. бўшлиғининг ички деворини ҳосил қилади. Бу бўшлиқнинг ён деворида учтадан Б. чиғаноги бўлиб, улар остидан юқори, ўрта ва пастки ҳаво йўллари ўтган. Юқори ва ўрта ҳаво йўлининг ён деворида тешикчалар бор, Б. бўшлиғи шулар орқали ўзининг ёндош бўшлиқлари билан туташади. Пастки ҳаво йўлида кўзёш-бурун каналининг тешиги бўлиб, бундан Б. бўшлигига кўзёш оқиб тушади. Аъзонинг ёндош бўшлиқлари тўрт жуфт: юқори жағ, пешона, асосий ва ғалвирсимон бўшлиқ. Бурун бўшлиғи орқа томондан ҳалқум (ютқин)га катта чўзинчоқ тешиклар – хоаналар билан туташади. Бурун бўшлиғини қоплаган шиллиқ парданинг юқори қисмида ҳидлов нервининг охирлари тармоқланган, қолган қисмидаги ҳилпилловчи эпителий туклари унинг тешиклари томон тебраниб туради. Бурун бўшлиғи нафас олиш, муҳофаза, ҳид билиш ва резонанс вазифаларини бажаради. Нафасга олинган ҳаво Б. бўшлиғидан ўтиш вақтида чанг-тўзон заррачаларидан тозаланади. Аъзо шилимшиғидаги моддалар унинг бўшлиғига тушган микробларни бир кадар юқумсизлатиради. Совуқ ҳаво Б. йўлларидан ўтаётганда исийди ва қон томирларга бой бўлган шиллиқ пардаларга тегиб намланади. Шиллиқ пардадги ҳид билиш нерви ҳужайралари турли-туман ҳадларни бир-биридан ажратиш имконини беради. Бурун орқали нафас олганда ҳаво ундан ўта туриб чанг ва микроблардан тозаланади, илийди ва намланади. Бурун касалликларини оторинларингогия фани ўрганади.
[addtoany]