Бачадон

Бачадон – аёлларнинг ички жинсий аъзоси; ҳомила шу ерда ривожланади. Бачадон тоқ, ковак аъзо бўлиб, мушаклардан тузилган ва кичик чаноқ бўшлиғида қовуқ билан тўғри ичак орасида жойлашган, шакли тўнкарилган нокка ўхшайди. Унинг танаси, туби ва бўйин бўлади. Унинг танаси ва туби қовуқ юзаси билан қовуқ устида олдинга бироз букилиб жойлашган, орқа юзаси тўғри ичакка юзма-юз туради. Бачадон бўйнининг бир қисми қин ичига кирган бўлиб, шу ерда унинг тешиги қинга очилади. Бачадон девори ички – шиллиқ қават (эндометрий), ўрта – мушак қават (миометрий) ва ташқи – сероз қават (қорин пардаси)дан иборат. Шиллиқ қават бачадон найлари шиллиқ қаватининг давомидир. Бачадон ичида шиллиқ қават бурмалари йўқ, асосан, майда безлар учрайди. Шиллиқ қавати унинг бўйнида қалинлашиб, бурмалари ва шиллиқ безлари бўлади, у ҳар ойда ҳайзга тайёрланади; бунда аъзонинг юза жойлашган шиллиқ қавати марказий нерв тизими ҳамда гипофиз ва тухумдондан ажралган гормонлар (фолликулин, прогестерон) таъсирида қалинлашади, ҳар ойда бир марта кўчиб, қон билан ажралади (қ. Эндокринология). Мушак қават яхши ривожланган, қон томирларга бой силлиқ мушак уч қават бўлиб жойлашган. Сероз қават бачадон олди ва орқа юзаларини қоплаб, икки ёнбошида кенг бойлам ҳосил қилади; шу бойлам оралиғида бириктирувчи тўқима қатлами (параметрни) бўлади. Унинг бўшлиғи учбурчак шаклда бўлиб, уни катга-кичик бир неча бойлам ва чаноқ тубининг мушаклари ўз ўрнида ушлаб туради. Бачадон бўйнининг ички юзаси шиллиқ қават бурмаларидан иборат бўлиб, цилиндрсимон эпителий билан қопланган; бўйин деворидаги безлар секрет чиқаради; у ишқорий реакцияга, бактерицид хусусиятга эга. Унинг бу хусусияти бачадонга инфекция тушишига йўл қўймайди; бундан ташқари, сперматозоиднинг ҳаракатчанлигини ошириб, унинг Б. га киришини таъминлайди. Бачадон анча ҳаракатчан бўлиб, қовуқ ҳамда тўғри ичак тўлганда, ҳомиладорликда ва бошқа физиологик ҳолатларда ўз шаклини осон ўзгартира олади. Ҳомиладорликда мушак толаларининг йўғон тортиши ва янги толалар пайдо бўлиши ҳисобига у катталашади. Ҳомила туғилганда аъзо қисқаради ва янги толалар йўқолиб кетади.

Туғруқдан кейин тезда жисмоний иш қилганда чаноқ тубининг мушаклари ва бошқа бойламлари бўшашиб, Б. тушиши мумкин.

[addtoany]