Бактериемия [бактериялар ва юн. haima – қон] – қонда бактериялар бўлиши. Бактериялар одам ва ҳайвонлар қонига тери ва шиллиқ пардалар шикастланганда, шунингдек, лимфа тугунлари, Томирлар тизими ва бошқа(лар) аъзолар патологик жараёндан ўзгарганда киради. Кўпгина инфекцион касалликлар – лептоспирозлар, тошмали ва қайталама терламалар, туляремида кузатилади. Бактериемия, айниқса, ичак инфекциялари (ич терлама, паратиф, салмонеллёзлар, бруцеллёз ва ҳ. к.)га хос, бу касалликларда бактериемия патологик жараённинг ёйилиб кетишига сабаб бўлади. Бактериемия касалликнинг ўткир даврида яққолроқ кўринади. Ионлаштирувчи нурлар таъсир этганда табиий иммунитетнинг бузилиши, атителоларнинг кам ишланиши, лейкоцитлар камайиши ва уларда фагоцитоз қобилиятининг сусайиши, тўқима тўсиқлари ўтказувчанлигининг зўрайиши ва бошқа(лар) бир қанча омиллар таъсирида келиб чиқади. Организм бактериемияни енгган сайин бактериялар қонда камайиб, тамомила бархам топади.
[addtoany]