Бактериолиз

Бактериолиз – бактерияларнинг антителолар, бактериофаглар, лизоцим, антисетиклар, кимётерапевтик моддалар, аутолиз таъсирида эриши, иммун реакцияларнинг бир тури. Бактериолиз бактерия ҳужайраси деворидаги пептдогликон ва цитоплазма мембранасининг емрилишидан иборат. Специфик (бактериофаглар, бактериолизинлар, лизоцим таъсирида) ва носпецифик (айрим гидролитик ферментлар, физик ва кимёвий омиллар иштирокида) бактериолиз фарқ қилинади. Бактериолиз одам ва ҳайвонлар организмида микробга қарши антителолар таъсирида рўй беради. Бу жараён бактериолиз реакцияси деб аталиб, лаб. шароитида ҳам қўлланилади. Олдиндан тайёрлаб қўйилган маълум иммун зардоб воситасида касаллик микробини аниқлаш мумкин. Реакция оқибатида микроб ҳужайрасининг юзасидаги моддалар парчаланиб, ичидаги маҳсулот атроф муҳитга ажралиб чиқади. Бу реакциядан, асосан, организмда микробга қарши (масалан, вабо касаллигида) антителолар ҳосил бўлиш жараёнини ўрганишда фойдаланилади.

Загрузка...