Биологик соат

Биологик соат – одам ва ҳайвонлар вақтни ҳис қилиш (мўлжалай олиш) қобилияти. Ҳужайраларда юз берадиган физик-кимёвий ва физиологик жараёнларнинг қатъий даврийлиги, яъни биологик маром (суръат)га асосланган. Организмдаги даврий ўзгаришлар мароми табиатдаги табиий танлаш жараёни туфайли ирсий жиҳатдан авлоддан-авлодга ўтади ва геофизик омилларнинг циклик ўзгаришларига боғлик бўлади. Биологик соат айниқса, ҳайвонлар ва паррандаларда яққол намоён бўлади. Масалан, кеч тушиши билан подадаги моллар уйларига қайта бошлайди, қўйлар боғлиқ турган бўлса, уйи томонга қараб маърайверади, товуклар ҳар куни бир вақтда қўноқларига чиқади ва ҳ. к. Айниқса, қушларда «Б. с.» ҳисси жуда нозик бўлади. Масалан, қуёш ботиши биланоқ чумчуқлар чирқиллай бошлайди. Одамда ҳам биологик соат қобилияти анча-мунча тараққий этган бўлади. Масалан, ишга барвақт борадиган одам уйғотгич соат бўлмаса ҳам, ўз-ўзидан ҳар куни бир вақтда туради. Лекин одамда бу хусусият унинг чарчаганлик даражасига боғлик бўлиши, яъни кун бўйи чарчаб, кеч ётган одам мўлжалдаги вақтда уйғонолмай қолиши мумкин. Бундай ҳолда уйғотгич соат ҳам асқотмайди. Одам ҳар куни бир пайтда туриши учун бир хил вақтда уйқуга кетиши, асаби тинч бўлиши лозим.

[addtoany]