Блефарит

Блефарит [юн. blepharon – қовоқ] – кипрклар асосининг яллиғланиши. Кўзнинг таъсиланиши, сурункали конъюнктивит, моддалар алмашинувининг бузилиши, меъда-ичак касалликлари, сил, камқонлик; кўзнинг оптик нуқсонлари, яқиндан кўриш, астигматизм, узоқдан кўриш, шунингдек, ноқулай ташқи шароит омиллари: чанг, шамол, тутун ва бошқа(лар) сабаб бўлиши мумкин. Блефаритнинг оддий, пўстлокчали, ярали, бурчакли, Мейбомиев ва «косметик» хиллари фарқланади. Оддий блефаритда қовоқ четлари қизаради, қилишади, шишади, киприк тагида оқиш-сарғимтир қазғоққа ўхшаш тангачалар ҳосил бўлади, кўз тез толикади. Пўстлоқчали блефаритда ушбу белгилар кучайиб, киприклар остидаги терида оқиш-кулранг қазғоққа ўхшаш тангачалар ҳосил бўлади. Ярали блефаритда қовоқ четлари шишиб, қалинлашади, қизаради, котиб қолган йиринг билан киприклар бир-бирига ёпишиб қолади, улар кўчирилганда қонайди, тагида йирингли, қон аралаш ярачалар кўринади, киприклар тўкилиб кетади, кўз қовоғи ағдарилиши мумкин. Бурчакли блефаритда кўз тирқишнинг ташқи бурчагидаги тери ва шиллиқ парда қизаради, кўз ёшланади, кўпиксимон ажралма чиқади. Мейбомиев блефарит шу номли безларнинг кўп секрет чикаришидан пайдо бўлиб, бунда қовоқ четлари худди мойлангадек ялтираб туради. «Косметик» Б. кўпроқ аёлларга хос бўлиб, турли крем, бўёқ қадамлардан фойдаланиши туфайли рўй беради. Касалликнинг олдини олиш учун ноқулай гигиеник шароитларни бартараф этиш, бекаму кўст овқатланиш, кўздаги оптик нуқсонларни тўғрилаш зарур. Дардга чалинганда дарҳол шифокорга мурожаат этиш керак.

Давоси: Б. га сабаб бўлган омилларни йўқотиш зарур. Антибиотиклар, сульфанилмидлар, десенсибилизацияловчи дорилар, глкокортикостероидлар ишлатилади; қовоқлар массаж қилинади.

[addtoany]