Боталло йўли (16-а. итальян шифокори Л. Боталло номидан) [Ductus Botallo], артериал йўл – қуруқликда яшовчи умуртқалилар эмбрионида ўпка артериясини орқа аортаси билан боғлайдиган бартериал ёйнинг юқори бўлими. Юракнинг ўнг қоринчаси (ёки бир бутун қоринчанинг ўнг бўлаги)дан келган қоннинг кўпи ҳали такомил этмаган кичик қон айланиш доирасидан ўтмай, боталло йўли орқали аортага боради. Кўпчилик ҳайвонлар туғилганидан кейин бу йўл беркилиб, бойламга айланиб кетади.
Одамларда боталло йўли ҳомиланинг ўпка артериясини аорта билан боғлайди. Она қорнидаги эмбрион тараққиёти даврида боланинг ўсиши учун зарур бўлган озиқ моддалар, кислород она қони орқали ҳомилага боради. Онадан келадиган кислородни қоннинг бир қисми Юракнинг ўнг бўлмасига қўйилиб, кўп қисми овалсимон тешик орқали чап бўлмачага, қолган қисми ўнг қоринчага, ундан ўпка артериясига ўтади. Лекин ҳомилада ўпка ҳали ишламаслиги туфайли ўпка артериясидаги қон Юракнинг эмбрион ривожланишида пайдо бўлган артерия йўли орқали аортага қўйилиб танага тарқалади. Бола туғилиши билан мустақил қон айланиш бошланиб, кислород алмашиши ўпка орқали бажарилади, натижада артерия йўли пучайиб, бириктирувчи тўқимачи бойламга айланади. Баъзан боталло йўли беркилмай қолиб, қон айланиши кескин бузилади (қ. Юрак пороги), бундай ҳолларда, албатта, жарроҳлик усули қўлланилади.
[addtoany]