Ботулизм

Ботулизм [лот. botulus – колбаса] – одам ва ҳайвонлар (айрим сут эмизувчиларда учрайдиган ўткир юқумли касаллик; овқатдан бўладиган токсикоинфекциялар гуруҳига киради. Ботулизм (Clostridium botulinum) бактериялари билан ифлосланган овқатлар истеъмол қилинганда юзага келади. Ботулизм қўзғатувчилари табиатда кенг тарқалган бўлиб, чидамли (спорали) ва чидамсиз (вегетатив) хиллари учрайди. Спорлари ташқи муҳитда йиллаб сақланиши мумкин; споралар тупрокдан сув, мева, сабзавот, озиқ-овқат, ем-хашакка ўтади, кейин одам ва ҳайвонлар ичагига тушиб, сўнгра нажас билан ер юзига тарқалади. Ботулизм микроби фақат анаэроб (ҳавосиз) шароитда ривожланади. Шу сабабдан консерва қилинган, тузланган, дудланган маҳсулотлар ва колбасага тушиб қолган споралар анаэроб шароитда ўсиб, вегетатив шакл (бактериялар)га айланади. Улар ана шу шароитда кучли заҳар (экзотоксин) ҳосил қилади. Бу маҳсулотни истеъмол қилган одам касал бўлади. Ботулизм токсини ичакда тез сўрилади, қонга ўтади ва бутун организмга тарқалиб, асосан, нерв тизимини зарарлайди. Касаллик тўсатдан бошланади. Беморнинг боши оғрийди, тинкаси қурийди, кўзи тинади, лоҳасланади, кўнгли айниб қусади, уйқуси қолади, корни оғрийди, оғзи қурийди, ташна бўлади; кўпинча, қабзият кузатилади. Кейинчалик боши айланади, кўз хиралашади, ковоклар салқийди, бемор равон гапира олмайди ютиш, нафас олиш фаолияти бузилади; юрак ва нафас марказлари фалаланиши туфайли ўлим содир бўлиши мумкин. Бемор фақат касалхонада даволанади. Замонавий даво усуллари: ботулизмга қарши зардоб, сунъий нафас олдириш аппаратларини ўз вақтида қўллаш яхши наф беради.

Касалликнинг олдини олиш учун консерва тайёрлаш қонун-қоидаларига қатъий амал қилиш, уй шароитида консерва ва озиовқат тайёрлашда санитария талабларини ўрнига қўйиш талаб этилади.

Давоси: ботулизмга қарши махсус зардоб юборилади; зонд орқали меъдани ювилади, ҳуқна қилинади, юрак дорилари берилади, нафас олиш издан чиққанда сунъий нафас олдирилди ва бошқа(лар)