Бронх

Бронх, бронхлар (юн. bronchus – нафас найи] – одам ва юқори тузилган умуртқалилар кекирдагининг ҳаво ўтадиган найсимон тармоқлари. Кекирдак (трахея) 4-5-кўкрак умуртқаси қаршисида ўнг ва чап бронхга бўлинади (бифуркация). Ўнг бронх чапига нисбатан йўғон ва калта, чапи эса узун ва ингичка; ўнг бронх деярли вертикал йўналган бўлиб, кекирдакнинг давоми ҳисобланса, чап Б. кекирдакдан чапга бурчак ҳосил қилиб чиқади ва бироз горизонтал йўналган бўлади. Бронх тоғай ҳалқаладан тузилган, улар оралиғини фиброз парда тўлдириб туради. Асосий Б. ўпка дарвозасига кириб, ўпка ичида аввал бўлак бронхларига, сўнгра сегментар бронхларга бўлинади. Иккала ўпкада тахм. 1000 бўлак Б. бўлади. Улар бронхиолаларгача тармоқланиб бориб, бир бутун бронхиал «дарахт»ни ҳосил қилади. Бронх ўпка ичида тармоқланиб, ингичкалашиб боради, энг охири, энг майдаларининг учи пуфакчалар билан тугайди. Ҳаво алмашиниш жараёни пуфакчалар, альвеолаларда бўлади; ҳаво нафас йўлларининг ҳаммасидан ўтади, чунки нафас найчасининг деворлари тоғайлардан тузилгани учун улар пучайиб қолмайди. Бронх шиллиқ қавати киприкли эпителий билан қопланган бўлиб, унда шиллиқ безлар жуда кўп. Улар нафас йўлига тушган ёт жисмларни чиқариб юборади, ҳаво йўллари эса нафас олганда ҳавони тозалаб, намлаб, илитиб пуфакчаларга йўналтиради. Иккала ўпкада тахм. 300-500 млн. альвеолалар бўлиб, 30-100 м2 сатҳни ташкил этади.

[addtoany]