Кекирдак

Кекирдак, трахея [Tracnes] – одам ва умуртқали ҳайвонлар нафас йўлларининг ҳиқилдоқдан кейинги қисми. Одамда унинг ўз. 9-12 см, диаметри 1,5-2 см. Кекирдакнинг шиллиқ қватида безчалар кўп. Бўйин соҳасида кекирдак кўкрак бўшлигига ўтади ва IV-V кўкрак умуртқалари рўпарасида ўнг ҳамда чап бронхларга бўлинади. Бўлинган жой трахея айриси деб аталади. Унинг юқори қисми бироз ҳаракатчан, пастки айри қисми деярли ҳаракатланмайди. Трахея 16-20 та тоғай ярим ҳалқа шаклида тузилган. Орқа томонда бу ҳалқаларнинг очиқ (туташмаган) жойида кекирдак девори парда билан қопланган бўлиб, унда кўндаланг йўналган силлиқ мушак толалари бор. Аъзонинг тоғайлари бир-бири билан фиброз бойлам ёрдамида туташган. Трахея ички томондан шиллиқ парда билан, парда эса тукли эпителий билан қопланган. Шу парда тагида шилимшиқ ишлаб чиқарадиган безлар кўп. Эпителий ва шилимшиқ нафас олишда трахеядан ўтадиган ҳавони илитиб, намлаб туради ва ҳаво таркибидаги чанг зарраларини ушлаб қолади. Ҳиқилдоқ ва трахея касаллиги сабабли ўпкага ҳаво ўтмай қолганда кекирдакни очиб найча қўйилади (трахеотмия). Бу аъзонинг яллиғланиши трахеит деб аталади.

[addtoany]