Бронхоэктатик касаллик

Бронхоэктатик касаллик, брохоэктазлар (бронх ва юн. ektasis – чўзлиш] – нафас аъзолари касаллиги, бронхларнинг кенгайиши (бронхоэктаз) билан кечади. Туғма (кўп бронхоэктазлар) ва бронхлар деворининг яллиғланиши (ўпка сили, кўкйўтал, сурункали бронхит, зотилжам, грипп ва бошқа(лар)) туфайли орттирилган бронхоэктазлар фарқ қилинади. Бронхоэктатик касалликда бронхлардаги яллиғланиш жараёни ўпка, юрак, буйрак ва бошқа(лар) аъзолар фаолиятига ҳам таъсир қилади. Дастлаб касаллик сезилмаслиги мумкин, зўриққанда беморнинг эта увишади, иситмалайди, йўталиб балғам ташлайди, кўпинча, эрталаб оғиз тўла балғам келади (суткада 1 л гала), у қўланса ва йирингли бўлади. Бронхоэктатик касаллик узоқ давом этиб, кўпинча, авж олиб боради. Унга ташхис қўйиш учун бронхография ўтказилади. Касалликка хос дастлабки белгилар пайдо бўлганда, дарҳол шифокорга мурожаат этиш керак. Акс ҳолда, юрак-томир тизими ва буйракда турли асоратлар юзага келиши ва беморнинг иш қобилияти пасайиши мумкин. Касаллик хуруж қилганда бемор касалхонада даволанади. Организмнинг умумий кувватини оширувчи дорилар буюрилади, иқлим билан даволаш, зарур бўлса, жарроҳлик усули қўлланилади.

Загрузка...