Декомпрессион касалликлар

Декомпрессион касалликлар – атроф муҳитда босимнинг тез ўзгариши натижасида рўй берадиган касаллик ҳолати. Асосан, учувчиларда, ғаввосларда ва кессонда ишлочиларда (кессон касаллиги) учрайди. Анча юқори босимли муҳитдан бирмунча паст босимли муҳитга бирдан ўтилганда тўқималарда эриган азот пуфак-пуфак бўлиб ажралиб чиқади. Бу декомпрессион касалликларга сабаб бўлади. Декомпрессион касалликларнинг оғир-егиллиги организмнинг шахсий хусусиятига, босимнинг ўзгариши даражасига ва ҳавода ёки сув остида қанча вақт бўлишга, газ пуфакчалрининг миқдори ва қаерда жойлашганлигига боғлиқ. Декомпрессион касалликлар белгилари: мушак, бўғимлар ва тўш ости оғрийди, бадан кичишади, йўтал тутади, вегетатив нерв тизими, Томирлар ва мия фаолияти бузилади, периферик нервларга шикаст етади. Беморнинг ранги ўчиб, терлайди, кўнгли айниб қусади, боши айланади, ҳушдан кетади. Совқотганда, қон айланиши бузилганда оғриқ зўраяди.

Беморнинг умумий аҳволидан келиб чиққан ҳолда даво буюрилади, кўпроқ юрак-томир ва нафас аъзолари фаолиятини яхшиладиган дори-дармонлар берилади. Декомпресия туфайли рўй берган ҳолатлар ҳар бирининг келиб чиқиш сабаби ва ривожланишига қараб, уни декомпрессион касалликларнинг алоҳида тури деб фарқланади (яна қ. Баландлик касаллиги, Кессон касаллиги).

[addtoany]