Депрессия

Депрессия – ўзига ишонмаслик руҳидаги ғамгинлик, тушкунлик кайфияти, умидсизлик, тасаввурларнинг бир «қолипга тушиб қолиши, хоҳиш-истакнинг камайиши, ҳаракатларнинг чегараланиши. Кўпгина руҳий касалликларда кузатилади. Сурункали ўта толикиш, руҳий озор етказадиган шароит (ҳолдан тойиш депрессия си), ғам-ғусса (реактив депрессия) касалликка сабаб бўлиши мумкин. Депрессия аломатлари турлича намоён бўлади. Баъзи турларида фикрлаш, саволларга жавоб қайтариш, баъзан ҳатто ҳаракат қилиш қийинлашади. Бемор ғамгин кўринади, айни вақтда, иштаҳадан қолиб, озиб кетади, юрак уриши ва қон босими ўзгаради, боши оғрийди, қабзият бўлади, териси кўришиб қолади ёки тер босади; аёллар ҳайз кўрмайди; уйқуси бузилади; иш қобилияти пасаяди. Депрессиянинг баъзи турларида бемор ўзини иродасизликда айблайди, касалликка, азоб-уқубатларга дучор бўлдим деб ўйлайди, оиласи учун кераксиз киши, гуноҳкор деб ҳисоблайди ва ҳоказо. Касаллик ҳолати моддалар алмашинувининг бузилиши ва эндокрин касалликлар билан бирга кечади. Тушкунликка тушган киши ўзини ўзи ўлдиришга уриниши мумкин, шунинг учун беморга кўз-қулоқ бўлиб туриш керак. Даво касаллик аломатларига қараб буюрилади.

[addtoany]