Дерматитлар

Дерматитлар – терининг яллиғланиши. Ташқи муҳит таъсиротлари: терининг ишқланиб шилиниши, эзилиши, куйиши, совуқ уриши, унга нур (рентген, радиоактив ва қуёш нурлари), турли дорилар (сульфаниламидлар, антибиотиклар) ва кимёвий моддалар таъсир этиши, бит, бурга, қандала, чивин, кана чақиши, шунингдек, баъзи ўтлар (масалан, қичитқи ўт) дерматитларга сабаб бўлади. Шартсиз таъсиротлар (масалан, қайнаган сув) туфайли рўй берган терининг яллиғланишида яллиғланиш таъсирот теккан жойнинг ўзида бирданига вужудга келади. Унинг бу тури контакт дерматитлар дейилади. У ҳам, ўз навбатида, оддий ёки сунъий хилларга ажратилади. Шартли, қитиқловчи омиллар таъсирида пайдо бўлган дерматитлар фақат шу омилларга нисбатан, сезувчанлиги юқори бўлган организмда кузатилади ва у аллергик дерматитлар деб аталади. Белгилари: тери қизариб, шишади, қилишади, ачишади ва қизийди. Яллиғланган жойда катта-кичик пуфакчалар кўзга ташланади, улар ёрилиб, ичидан суюқлик чиқади. Яллиғланиш, кўпинча, юза бўлади. Касалликни қўзғатадиган омил узоқ таъсир этса, терининг остки қаватлари ҳам яллиғлниб, яра бўлиши мумкин. Намланиб турган жойлар аста-секин кўринди, қорақўтир бўлади ёки кулранг тангачалар билан қопланади, улар ҳам тезда тушиб, ўрнида доғ қолади ва кейинчалик йўқолиб кетади. Терининг сезувчанлиги ҳаммада ҳар хил; бир кишининг терисига ҳеч қандай таъсир этмаган омил (масалан, тухум, балиқ, қази, қулупнай еганда) иккинчи кишида дерматитлар пайдо қилиши мумкин.

Дарднинг олдини олиш учун уй-жой ва корхоналарни озода сақлаш, шахсий гигиенага риоя қилиш, коржома, резина қўлқоп кийиш, юзта офтобдан сақлайдиган суртма ёки крем суртиш керак.

Даво, асосан, дерматитларнинг хилига ва белгиларига қараб тайинланади.

[addtoany]