Яллиғланиш – касаллик қўзғатувчи зарарли омиллар (физик, кимёвий, биологик) таъсирига қарши организмнинг мураккаб маҳаллий номахсус ҳимоя реакцияси. Шикастланган соҳа яллиғланиш реакцияси туфайли организмнинг соғлом тўқималаридан ажралиб қолади; у жойга қондан иммун ҳужайралар келиб, улар ҳар хил дструктив самараларни ривожлантиради. Артериялар ва капиллярларнинг қон билан тўлиши яллиғланиш ўчогида қизариш ва гипертермияга, Томирлар ўтказувчанлигининг ошиши шиш ва оғриқка сабаб бўлади (нерв охирига босим бўлганлиги ҳисобига). Лейкоцитлар миграцияси (биринчи навбатда, нейтрофилларнинг) ва уларнинг фоллашиши атрофдаги тўқималарнинг цитолзи ва йиринг ҳосил бўлишига олиб келади. Яллиғланиш ўчоклари зарарли омилни бостирувчи асосий механизмларга фагоцитоз, ҳужайрадан ташқари цитолиз, номахсус контактли киллинг, ҳамда комплемент тизимининг цитолитик реакциялари ҳисобланган гуморал реакциялар киради. Шу билан бир вақтда яллиғланиш маҳаллий ва умумий иммунитетининг ривожланишига туртки бўлади.
Яллиғланиш организмнинг илк реакцияларидан бири ҳисобланиб, у организмни ёт жисмлардан ҳимоя қилиш ёки парчаланган ўз ҳужайраларидан тозалаш каби вазифаларни бажаради.
Яллиғланиш учта муҳим таркиб (компонентли: альтерация (ҳужайра ва тўқималарнинг шкастланишигача бўлган ўзгаришлари), эксудация (суюқлик ва қон ҳужайраларининг томирларидан чиқиши) ва пролиферация (ҳужайраларнинг кўпайиши ва тўқималарнинг ўсиб кетишидан ташкил топган. Яллиғланиш реакцияларининг ҳар қандай кўринишларида бу уч компонент, албатта, мавжуд бўлади. Улардан қайси бирининг устунлигига кўра, яллиғланишнинг учта асосий – альтератив, экссудатив ва пролифертив шакли фарқ қилинади.
Альтератив Я., кўпинча, ички аъзолар (юрак, жигар, буйракда юзага келади. Яллиғланишнинг бу шакли баъзи бир аллергик реакциялар, кучли токсик (масалан, патоген микроблар ажратадиган экзотоксин) моддалар таъсир этганда, аутиммун жараёнларда вужудга келади.
Экссудатив Я. бошқаларига нисбатан кўпроқ учрайди; Я. ўчогида томирларнинг тавсифи ўзгариши ҳисобига томир деворининг ўтказувчанлиги ошади, натижада қоннинг суюқ кисми ва лейкоцитлар томирдан атрофдаги тўқимага чиқиб, Я. ўчогида тўпланади (бу суюқлик экссудат деб аталади). Агар экссудат деярли тиниқ ва таркибида 8 % гача оқсил бўлса, сероз Я. деб аталади. Экссудатда махсус оқсиллар – фибриноген кўп бўлса, фибриноз Я. дейилади. Йирингли Я. да экссудатда жуда кўп миқдорда нобуд бўлган лейкоцитлар ва бошқа(лар) бўлади.
Пролифератив Я. ҳужайра элементларнинг кўпайиши, тугунлар ҳосил бўлиши билан ифодаланади, бу захм, сил, тошмали терлама каби касалликларда кузатилади.
Яллиғланишнинг асосий белгилари (қизариш, қавриш, қизиш, оғриқ ва фаолиятнинг бузилиши) юзада жойлашган аъзоларнинг ўткир Я. и учун хос, агар у ички аъзоларда вужудга келган бўлса, бу белгиларнинг ҳаммаси кузатилмаслиги ҳам мумкин. Одатда, Я. да организмда иситма, қонда лейкоцитлар сонининг кўпайиши (лейкоцитоз), моддалар алмашинувининг бузилиши, Я. нинг оғир шаклларида эса умумий интоксикациянинг ривожланиши каби реакциялар пайдо бўлади.
Яллиғланиш ҳимоя, мосланиш реакцияси бўлса-да, маълум шароитларда организм учун ҳаётий зарур тўқималарнинг шикастланишига олиб келади. Яллиғланишнинг оқибатлари ҳар хил, яллиғланган соҳа бутунлай тузалиб кетиши, баъзан тўқималарнинг талайгина қисмига путур етган бўлса, яллиғланган жой чандиқланиб қолиши ҳам мумкин. Агар Я. ички аъзоларда бўлса, қўшни аъзоларни бир-бирига тугаш жойларида бтишма ҳосил бўлади, натижада шикастланган аъзо фаолияти ўзгаради.
Яллиғланишнинг хар қандай кўринишида шифокорга мурожаат этиш ва унинг кўрсатмаларига амал қилиш лозим.
[addtoany]