Дермографизм

Дермографизм [дерма… ва юн. graphein – чизмоқ] – терига механик таъсир кўрсатилган (чизиб кўрилган) жойдаги қон Томирлар реакцияси. Бунда қизил ёки оқ йўл кўзга ташланади. Дермографизм нормал ёки патологик бўлади. Нормал дермографизмда терини бирор нарса билан чизилса, бир неча сек. дан кейин қизил йўл кўриниб, 1-3 мин. да йўқолади. Патологик дермографизм қизил ёки оқ бўлади. Қизил дермографизм нерв тизимининг ҳаддан ташқари тез кўзғалувчанлигидан далолат беради. Экзема (гўш), псориазнинг ўткир даврида, эшакеми, экссудатив эритема каби касалликларда учрайди. Оқ Д. қон томирларни торайтирувчи маркази қўзғалувчан кишиларда кузатилади. У невродермит, қичима, псориазда бўлади. Қизил ва оқ турлар бир вақтда учраши мумкин. Бунда оқ ҳошияли қизил йўл кўринади. Бир касалликнинг иккинчисига айланишида, масалан, болаларда эшакемининг қичимага ўтишида худди шундай бўлади. Вегетатив нерв тизимининг ҳолатини ўрганишда, нерв ва эндокрин тизимларнинг баъзи касалликларига ташхис қўйишда бу синама муҳим аҳамиятга эга.

[addtoany]