Дезинфекция

Дезинфекция [дез… ва инфекция], юқумсизлантириш – юқумли касалликларни қўзғатувчи Микроорганизмлар (бактриялар, вируслар ва бошқа(лар))ни йўқ қилиш. Кенг маънодаги дезинфекцияга одам билан ҳайвонлар учун зарарли ҳашаротларни йўк қилиш – дезинсекция ва зарарли кемирувчиларни йўқ қилиш – дератизация ҳам киради. Профилактик, кундалик, якунловчи дезинфекция бўлади. Профилактик дезинфекция юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида уй анжомлари, идиш-товоқларни, жамоат тўпланадиган жойлар (бозор, дўкон, болалар муассасаси, ҳаммом, ошхона, транспорт ва бошқа(лар)) ни, ташландиларни мунтазам равишда юқусизлантиришдир. Сувни юқумсизлантириш, сутни пастеризация қилиш ҳам профилактик дезинфекцияга киради. Бемор ётган уйда узлуксиз кундалик зарарсизлантириш ўтказилади. Якунловчи (охирги) дезинфекция бемор касалхонага ётқизилганидан, соғайиб кетганидан ёки вафот этганидай кейин амалга оширилади. Дезинфекцияда механик, физик ва кимёвий воситалар қўлланилади. Бино ва ундаги буюмларни ҳўл латта билан тозалаш, кийикечак ва кўрпа-ёстиқни қоқиш, чанг сўргич билан тозалаш, бинони оқлаш, бўяш ва бошқа(лар) механик воситаларга киради. Кийим-кечак ва бинолар шу йўл билан 50- 75 % микроблардан халос бўлади. Қуритиш, қуёш нури, ультрабинафша нурлар (симоб-кварц лампалари), ташландиларни ёқиб юбориш, идиш ва бошқа(лар) буюмларни катролаш, сувга совун ва ишқор солиб қайнатиш, қайноқ сув, дезинфекция камераларида ва махсус аппарат (автоклав)да сув буғи ва иссиқ ҳаводан фойдаланиш физик воситалар ҳисобланади. Кимёвий воситаларга кислоталар, ишкорлар, хлорли оҳак, хлорамин, фенол, крезоллар (лизол, натализол), формалин, сулема ва бошқа(лар) моддалар киради. Бир қатор юқумли касалликларда дезинфекция уй шароитида ўтказилади. Юқумли ичак касалликлари (ич терлама, дизентерия)да бемор ётган уй хар куни ҳўл латта билан тозаланади, у фойдаланган идиш-товок 1 % ли сода эритмасида, ич кийимлари 2 % ли совун-содали ёки бирор ювувчи восита эритмасида 15 мин. кайнатилди. Паразитар юқумли касалликлар (тепкили терлама, қайталовчи терламага бемор ва унга яқин юрган кишиларни дезинфекция қилишда юқумсизлантирувчи воситалар қўлланиб, беморнинг кийим-кечаги ва кўрпа-ёстиғи зарарсизлантириш камерасига юборилади. Грипп касаллигида беморнинг идиш-товоғи қайноқ сув билан 2-3 марта ювлади (яхшиси, бирорта ювувчи восита эритмасида кайнатилади), рўмолчаси, сочиғи ювувчи восита эритмасига бўктирилгач, кайнатилади. Бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб, плихлораминнинг 0,2 % ли эритмасига ҳўлланган латта билан кунига 2-3 марта артиб турилди. Касаллик турига қараб дезинфекция чора-тадбирлари ўзига хос тартиб асосида ўтказилади. Дезинфекция ишини эпидемияга қарши тадбирлар режаси асосида дезинфекция санитария-эпидемиология ст-лари, касалхоналар, поликлиникалар, врачлик участкалари Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлигининг қарорларида кўрсатилган муддатларда амалга оширади.

Загрузка...