Дезоксирибонуклеин кислота

Дезоксирибонуклеин кислота [ДНК] – нуклеин кислоталарнинг бир тури. Таркибида дезоксирибоза, азот асосларидан аденин (А), гуанин (Г), цитозин (Ц) ва тимин (Т) ҳамда фосфат кислота бўлади. Барча тирик организмлар ҳужайрасида учрайди ва кўпчилик вируслар таркибига киради. Тирик организмларда ирсий белгиларни сақлаш ва наслдан-наслга ўтказиш вазифасини бажаради. ДНК нинг нуклеотидли таркиби, яъни унинг бирламчи структураси ҳар бир организм учун ўзига хос ва қатъий шахсий бўлиб, биологик информациянинг код шаклда (қ. Генетик код) ёзилишидир. ДНКнинг генетик аҳамиятини дастлаб О. Эвери шогирдлари билан бирга аниқлаган (1944, АҚШ). ДНК таркибидаги нуклеотидларнинг ўзаро муносабати маълум қонуниятларга бўйсунади. Бу қонуниятлар Э. Чаргафф (АҚШ) томонидан аниқланган (1950). Бу қоидага асосан ДНКдаги пурин асосларининг йиғиндиси пиримидин асосларининг йиғиндисига тенг бўлиб, бунда А нинг миқдори Т миқдорига ва Г нинг миқдори Ц миқдорига тенг. Мазкур қоидаларга асосланиб Д. Уотсон ва Ф. Крик ДНКнинг структуравий моделини кашф этишди (1953). Бу моделга кўра, ДНК молекуласи қўш спираль ҳосил қилувчи иккита полинуклеотид занжирдан ташкил топган ва ҳар иккала занжир бир умумий ўққа эга. Зан-жирнинг бир ўрами орасидаги масофа 34 А га тенг ва 10 та нуклеотид қолдиғидан ташкил топган (В-шакл). Полинуклеотид занжиларнинг пентозафосфат гуруҳлари спиралнинг ташқи томонида, азот асослари эса ички томонида жойлашган. Полинуклеотид занжирлар бир-бирига нисбатан тескари йўналгандир. ДНКнинг бир занжиридаги нуклеотидларнинг кетма-кетлиги, иккинчи занжирдаги нуклеотидларнинг кетма-кетлигини таъминлайди ёки улар комплементар (тўлдирувчи) ҳисобланади. Комплементарлик нуклеин кислоталарнинг структуравий ва функционал тузилишида универсал принцип ҳисобланади. Кўпчилик табиий ДНК молекулалари қўш занжирли ва тўғри чизиқли ҳолда учрасада, бироқ улар жуда катта мол. м. га эга бўлган молекулани кичик ҳамда жойлаш учун букланган, ҳалқа, суперспирал ва бошқа(лар) шаклларни олиши мумкин. Айрим вируслар ДНКси бир занжирли бўлади. Прокариотлар ҳужайрасида ДНК битта хромосомада мужасамлашган бўлиб, мол. м. си 10′ дан ортиқ ва ўз. тахминан 1 мм га тенг. Эукариотлар ҳужайрасидаги ДНК, асосан, ядрода дезоксинуклепротеин (ДНП) шаклда бўлиб, хромосома ёки хроматиннинг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Ядродан ташқари ДНК митохондрий ва хлоропласт таркибида ҳам учрайди.

[addtoany]