Диққат

Диққат – субъект фаолиятининг бирор объект ёки ҳодисага жалб килиниши. У ҳар қандай онгли фаолият самарадорлигининг зарур шатидир. Бош мия пўстлоғининг муайян жойларидаги оптимал қўзғалиш манбалари диққатнинг физиологик асосини ташкил қилади. Диққат икки турга бўлинади: ихтиёрсиз пассив ва ихтиёрий актив. Ихтиёрсиз диққат бирон ташқи сабаб таъсирида киши хоҳишидан қатьи назар, ҳосил бўлади. Бундай диққат одамдан ирода кучини талаб қилмайди. Уни жалб қилиш учун қўзгатувчининг кучи катта аҳамиятга эга; масалан, нарсанинг чиройлилик, ёркинлиги, ўткир ҳидлиги ва бошқа хусусиятлари диққатни беихтиёр тотади. Ихтиёрий диққатда психик фаолият олдиндан белгиланган мақсад билан муайян нарсага онгли равишда жалб этилади. Унинг бу тури ирода кучини талаб килади; шунинг учун бу тури иродавий диққат деб ҳам аталади. Инсоннинг бутун онгли фаолияти, асосан, ихтиёрий Д. воситасида амалга оширилади.

Диққатнинг барқарорлик, кўчувчанлик, бўлинувчилик каби хусусиятлари, кўлами бор. Унинг барқарорлиги ягона, умумий (масалан, китоб ўқиш, масала ечиш каби) ишга хизмат қилувчи нарса ёки ҳодисага узоқ муддат жалб бўла олишидан иборат. Бунда ҳаракат объектлари (масалан, китоб матни, масалада берилган сонлар ва шу кабилар) ҳамда ҳаракатнинг ўзи (масалан, масалани ечиш йўллари) ўзгариб туриши мумкин, лекин фаолиятнинг умумий йўналиши ўзгармай сақланиши лозим. Кўчувчан Д. бир фаолиятдан ёки нарсадан бошқа фаолият ёки нарсага тез жалб бўлади. Бу хусусият Д. нинг аввалги нарсага қай даражада каратилганлгига ва янги фаолиятнинг хусусиятига (унинг Д. ни қанчалик қарата олишига) боғлиқ. Унинг бўлина олиш хусусияти бир вақтнинг ўзида 2 ёки ундан ортиқ иш-ҳаракат бажаришда акс этиб, кўп касб эгалари (масалан, ўқитувчи, шофёр, учувчи) учун, айниқса, катта аҳамиятга эга. Бу хусусият бир фаолиятни бажариш ҳийла автоматлашиб, иккинчи фаолият бир кадар таниш бўлиб қолгандан кейин таркиб топади.

Диққат кўлами унинг энг қисқа вақт ичида (гўё бирданига) ўз доирасига сиғдира олиши мумкин бўлган нарсалар сони билан белгиланади. Шу жиҳатдан Д. кенг ёки тор бўлиши мумкин. Одатда, кенг кўламли Д. яхши ҳисобланади. У кўлами идрок қилинаётган нарсаларнинг ҳамда уларни идрок қилаётган киши фаолиятининг вазифаси ва хусусиятига боғлик.

Диққатнинг акси паришонхотирликдир. Бунда одам Д. ини бирор нарсага тўплай олмай, ҳамма вақт бошқа нарсаларга чалғийверади. Шундай ҳолат киши қаттиқ чарчаганда, унинг учун аҳамиятсиз жуда кўп кўзғатувчилар мавжудлигида ёки, аксинча, битга ҳам Қўзгатувчининг одам учун аҳамияти бўлмаганда рўй беради. Машқ қилиш билан паришонхотирликка барҳам бериш мумкин.

Диққатнинг турлари ва хусусиятлари одамнинг жуда ёшлик давридан бошлаб ривожланади ва ҳаёти давомида ўзгариб, мураккаблашиб боради.

[addtoany]