Дисменорея [due… ва юн. men – ҳайз, rhoira – кечиш], альгоменорея – ҳайзнинг оғриқли кечиши. Дисменореяда, одатда, қорин пасти, бел ва думғаза соҳаси оғрийди. Оғриқ ҳайздан олдин ёки унинг дастлабки кунлари пайдо бўлиб, бутун ҳайз кунлари давомида кузатилади. Баъзан кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи, умумий аҳволнинг ўзгариши ҳоллари кузатилади. Дисменорея бирламчи ва иккиламчи бўлади. Бирламчи дисменорея жинсий аъзоларнинг касалликлари билан боғлиқ бўлмайди, кўпинча, туғмаган аёлларда учрайди. Иккиламчи дисменорея турли гинекологик касалликлар (ўсма, эндометриоз ва бунинг окибатидир. Дисменорея мустақил касаллик бўлмай, балки турли касалликлар, ривожланиш аномалиялари ва бошқа(лар) нинг белгиси сифатида намоён бўлади. Касалликнинг юзага келишида, айниқса, нерв тизимининг функционал хусусиятлари ва ўзгаришлари, шунингдек, бошдан кечирилган касалликлар (инфекция, зўриқиш, оғир руҳий кечинмалар), инфантилизм, эндокрин бузилишлар муҳим роль ўйнайди. Касалликни даволаш уни юзага келтирган омилларни бартараф этишдан иборат. Бирламчи Д. да нерв тизими фаолиятини тартибга солиш, нормал ҳаёт тарзи, тўғри овқатланиш, руҳиятга зарарли таъсиротларни йўқотиш, турли соматик касалликларни даволаш лозим. Иккиламчи Д. да яллиғланиш касалликлари, эндометриоз ва бошқа(лар)ни даволашга эътибор бериш керак.