Диспепсия [дис… ва юн. pepsis – ҳазм] – овқат ҳазм қилишнинг бузилиши, меъда-ичак фолиятининг издан чиқиши билан кечади. Одам ичагининг турли бўлимларида, масалан, ингичка ичакнинг пастки ва йўғон ичакнинг юқори бўлимида бижғитувчи микроблар, йўғон ичакнинг қуйи қисмида эса чиритувчи микроблар кўп. Соғлом ичакдаги бижғиш ҳамда чириш жараёни маълум мувозанатда бўлиб, касал қилмайди. Ана шу микроблар ўртасидаги нисбатнинг бузилиши диспепсияга сабаб бўлади. Болалар диспепсияси уларни нотўғри овқатлантириш натижасида пайдо бўлиб, ич кетиши, қайт қилиш ва умумий аҳволнинг ёмонлашиши билан кечади. Асосан, бир ёшгача бўлган болаларда учрайди. Диспепсиянинг А, Б ва В хиллари фарқ қилинади. А хилида организм сувсизланмайди, Б хилида бироз сувсизланади, В хилида эса оғир сувсиланиш кузатилади. Диспепсия кўпроқ оддий ва токсик бўлади. Оддий диспепсия ҳадеб эмизавериш (айниқса, онанинг суди мўл бўлганида) ёки эмизиб юриб, бирдан сунъий овқатлантиришга ўтиш, овқат таркибининг бола ёшига мос келмаслиги туфайли пайдо бўлади. Болани ҳаддан ташқари иссиқ кийинтириш, ўраб-чирмаш ҳам диспепсияга сабаб бўлиши мумкин; иссиқлаб кетганда суюқликка эҳтиёж кучаяди, бола кўкракка ёпишиб олиб эма бошлайди, лекин эмган суди одатдгича бўлса ҳам, уни ҳазм қила олмайди. Бундан ташқари, боланинг меъда-ичак йўли анатомик функционал жиҳатдан ҳали яхши ривожланмаганлиги учун овқат ҳазм қилиши бузилади. Бунда бола эмизилгач ёки овқат берилгач, бироз вақтдан кейин эмган сутини ёки еган овқатни қусиб ташлайди, аксари ичи кетади. Қорин шишади, бола безовталаниб, иштаҳаси йўқолади. Касалликнинг дастлабки белгилари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим. Бола диспепсиянинг А хили билан оғриганда уни эмизаверилади, Б ва В хилида эса врач тегишли дори-дармонларни буюриб, касалхонага ётқизишни тавсия этади. Токсик диспепсия овқатланиш тартибига риоя этмаслик ва бактериал инфекция натижасида организмда моддалар алмашинувининг барча турлари, шунингдек, кўпгина аъзо ва тизимлар фаолиятининг жиддий бузилишлари билан кечади. Кўпинча, касалликлар билан оғриб мадорсизланган, нимжон болаларда кузатилади. Баъзан токсик диспепсия тўсатдан авж олади, беморнинг аҳволи ёмонлашар, бўшашади, инжиқ бўлиб қолади. Тез-тез ичи кетади, вазни тез камаяди, гохо бола ҳушдан кетади, қайт қилиб, ичи кетганлиги боис кўп сув йўқотиб, организм сувсизланиб қолади. Беморнинг турқи ўзгаради, эс-ҳуши йўқола бошлайди, юрак фаолияти сусаяди; оғриқни сезмай қўяди, териси бўзаради ёки унда қизил доғлар пайдо бўлади. Томир уриши тезлашади, артериал босим тушиб кетади, кома ҳолати кузатилади. Токсик диспепсия бола ҳаёти учун жуда хавфли, бунда зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш зарур. Боланинг аҳволи бироз егиллашгач, жуда кам миқдорда зарурий парҳез овқатлар ёки оз-оз она сўта ёки болалар кефри, катиғи бера бошланади. Кейинчалик овқат миқдорини ошира бориш ва бир маромга етказиш, орадан 6-8 кун ўтгач боланинг аҳволидан келиб чиқиб овқат миқдорини кўпайтириш, шунингдек, антибиотиклар, витаминлар тавсия этилади. Парентерал диспепсия, одатда, бирорта касаллик (отит, ўткир респиратор касалликлар, зотилжам) билан бирга кечади. Диспепсиянинг олдини олиш учун овқатланиш тартибига қатъий риоя қилиш, болага ҳаддан ташқари кўп овқат бермаслик, овқатига оз-оздан мева ва сабзавот шарбатларини қўшиб бериш, боланинг исиклаб кетишига йўл қўймаслик керак. Катта кишиларда ҳам меъда ва ичак диспепсияси (ёғ, оқсил ёки карбонсувлар кўплаб истеъмол қилинганда) кузатилиши мумкин.
[addtoany]