Доривор ўсимликлар – одам ва ҳайвонларни даволаш, касалликларнинг олдини олиш учун, шунингдек, озиқ-овқат, атир-упа ва косметика саноатида ишлатиладиган ўсимликлар – гиёҳлар. Ер юзида доривор ўсимликларнинг 10-12 минг тури борлиги аниқланган. 1000 дан ортиқ ўсимлик турининг кимёвий, фармакологик ва дориворлик хоссалари текширилган.
Ўзбекистонда доривор ўсимликларнинг 700 дан ортиқ тури мавжуд. Шулардан табиий шароитда ўсадиган ва маданийлаштирилган 120 га яқин ўсимлик турларидан илмий ва халқ табобатида фойдаланилади. Ҳоз. даврда тиббиётда қўлланиладиган Дори-дармонларнинг қарийиб 40-47 % ўсимлик хомашёларидан олинади. Ўсимликлар мураккаб тузилишига эга бўлган жонли табиий кимёвий лаб. бўлиб, оддий ноорганик модалардан мураккаб органик моддалар ёки бирикмаларни яратиш қобилиятига эга. Доривор ўсимликларнинг қуритилган ўта, куртаги, илдизи, илдизпояси, туганаги, пиёзи, пўстлоғи, барги, гули, ғунчси, меваси (уруғи), данаги, шарбати, қиёми, тошчойи, эфир мойи ва бошқа(лар)дан дори-дармон тарзида фойдаланилади.
Доривор ўсимликларни 2 хил таснифлаш қабул қилинган: 1)таъсир қилувчи моддаларнинг таркибига қараб – алкалоидли, гликозидли, эфир мойли, витаминли ва бошқа(лар), 2) фармакологик кўрсаткичларига қараб – тинчлантирувчи, оғриқ қолдирувчи, ухлатувчи, юрак-томир тизимига таъсир қилувчи, марказий нерв тизимини қўзғатувчи, қон босимини пасайтирувчи ва бошқалар. Доривор ўсимликларнинг таъсир этувчи моддалари алкалоидлар, турли гликозидлар (антрагликозидлар, юракка таъсир этувчи гликозидлар, сапонинлар ва бошқа(лар)), флавоноидлар, кумаринлар, ошловчи ва шиллиқ моддалар, эфир мойлари, витаминлар, бўёқ моддалар, ферментлар, фитонцидлар, крахмал, оқсиллар, полисахаридлар, азотли моддалар, мой ҳамда мой кислоталари ва бошқа(лар) бирикмалар бўлиши мумкин.
Доривор ўсимликларнинг организмга таъсири унинг таркибидаги кимёвий бирикмаларнинг миқдорига боғлиқ. Бу бирикмалар ўсимликнинг қисмларида турли миқдорда тўпланади. Доривор ўсимликларнинг таъсирчанлик қуввати ҳамда сифати юқори бўлиш даври уларнинг гуллаш ҳамда уруғлаш даврининг бошланиши вақтига тўғри келади. Доривор моддалар баъзи ўсимликларнинг куртаги, барги ёки поясида, баъзи ўсимликларнинг гули ёки мевасида, баъзиларида илдизи ёки пўслоғида тўпланади. Шу боис ўсимликларнинг, асосан, биологик фаол моддалари кўп бўлган қисми йиғиб олинади. Ўсимликларнинг илдизи, илдизпояси, пиёзи ва туганаги, одатда, ўсимлик уйқуга кирган даврда – кеч кузда ёки ўсимлик уйғонмасдан олдин – эрта баҳорда тайёрланади. Ўсимликнинг мева ва уруғлри пишиб етилганда йиғилади, чунки улар бу пайтда дори моддаларига бой бўлади. Янги йиғиб олинган доривор ўсимлик маҳсулоти таркибида (ер устки аъзоларида 85 % гала, идизида 45 % гала) нам бўлади. Бу нам йўқотилмаса (қуритиш йўли билан), ўсимлик чириб, дори моддалари парчаланиб, яроқсиз бўлиб қолади.
Одамлар қадим замонлардан табиат нематларидан фойдалана бошлаганидан буён доривор ўтлардан касалликларни даволашда фойдаланиб келганлар. Бундан 3-4 минг йил илгари Ҳиндистон, Хитой, Қад. Миср мамлакатларида шифобахш ўсимликлар ҳақида маълумотлар берувчи асарлар ёзилган. Шарқда, хусусан, Ўрта Осиё халқ табобатида доривор ўсимликлардан фойдаланиб даволаш ўзининг қад. анъаналарига эга. Шифобахш ўсимликлардан тиббий мақсадларда фойдаланиш борасида Абу Али Ибн Синонинг «Ал-Қонун» асарида 476 га яқин ўсимликнинг шифобахш хусусиятлари ва уларни ишлатиш усуллари тўғрисида маълумотлар келтирилади. Ҳоз. вақтда доривор ўсимликларнинг тури кўпайиб, халқ табобати шифобахш ўсимликлар билан бойиган. Доривор ўсимликлардан кўпроқ, анор, аччиқмия, бодом, дўғбуй, доривор гулхайри, ёнғоқ, жағ-жағ, зубтурум, исириқ, итбурун, омонқора, писта дарахти, сачратқи, чойўт, шилдирбош, ширинмия, шувоқ, янтоқ, ялпиз, кийикўт, тоғрайҳон, қизилча, қоқиўт ва бошқа(лар) тарқалган. Аччиқмиядан пахикарпин, оққурайдан песни даволашда қўлланиладиган псорален, исириқдан гармин, исигекдан анабазин, омонқорадан галантамин, шилдирбошдан сферофизин ва бошқа(лар) алкалоидлар олинади. Анор пустидан гижжа ҳайдовчи пелтерин танат ва экстракт тайёрланади. Доривор гулхайри препаратлари балғам кўчирувчи ва юмшатувчи, жағ-жағ ва лагохилусдан тайёрланган дорилари қон кетишини тўхтатувчи, писта бужғуни ва чойўтдан тайёрланган дорилар меъда-ичак касалликларини даволашда ишлатилади. Доривор ўсимликларни топиш ва улардан алколоидлар олишда Ўзбекистон ФА Ўсимлик моддалари кимёси институтининг хизмати катта. Ин-тда 4000 дан ортиқ ўсимликнинг турли органлари алколоид олиш мақсадида ўрганилиб, улардан 1000 га яқин табиий бирикмалар ажратиб олинган. Шу асосда цитизин, галантамин каби 20 дан ортиқ қимматли дори воситалари яратилган ва тиббиётга жорий қилинган. Ёввойи доривор ўсимликлар хомашёлари, асосан, «Ўзфармсаноат» республика давлат-акциядорлик концерни, матлубот ширкатлари ва Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалик вазирлигининг «Шифобахш» ишлаб чиқариш бирлашмаси хўжаликлари томонидан тайёрланади (яна қ. Фитотерапия).
[addtoany]