Электрофизиология

Электрофизиология – физиологининг бир бўлими; ҳужайралар, тўқималар, аъзолардаги электр ҳодисалар (биоэлектрик потенциаллар)ни ҳамда электр токининг организмга таъсири механизмини ўрганади. «Ҳайвонлардаги электрланиш» тўғрисидаги дастлабки маълумотларни 18-а. да италиялик анатом ва физиолог Л. Гальвани олган. 19-а. да немис физиологи Э. Дюбуа-Реймоннинг классик ишлари (нерв импульсининг электр токи табиати, биопотенциалларнинг молекуляр назарияси ва бошқа(лар)) туфайли электрофизиологияга асос солинди. Электрофизиологиянинг бундан кейинги ривожланиши немис олими Ю. Бернштейн, рус олимлари А. Ф. Смойлов, Н. Е. Введенский, нидерландиялик физиолог В. Эйнтховен, америкалик Ж. Элангер ва бошқа(лар)нинг нейрофизиология соҳасидаги тадқиқотлари билан боғлиқ.

Электрофизиологиянинг асосий муаммолари биологик мембраналарда электр потенциалларининг ҳосил бўлиши физик-кимёвий механизмларини, уларнинг ўзгариши ва физиологик жараёнлардаги аҳамиятини ўрганишдан иборат. Тадқиқот ишларида ва клиник амалиётда юрак – электрокардиография, мия – электроэнцефалография, кўзнинг тўр пардаси – электроретинография, тери – электродермография ва бошқа(лар) аъзолар биоэлектр потенциалларини ўрганиш усулларидан кенг фойдаланилади (яна к. Нейрофизиология, Нерв тизими).

Загрузка...