Нейрофизиология

Нейрофизиология – физиологиянинг бир бўлими. Нерв тизими рефлектор приципда ишлаши ҳақидаги тасаввур 17-а. да француз физиологи Р. Декарт, 18-а. да чех физиолги Й. Прохаска томонидан илгари сурилган. Бироқ нейрофизиология фан сифатида 19-а. нинг 1-ярмидан, нерв тизими тажриба усуллари билан ўрганила бошлангандан сўнг шаклланди. 19-а. бошларида Шотландия анатоми ва физиологи Ч. Белл (1811) ҳамда француз физиологи Ф. Мажади (1822) бир-биридан бехабар орқа миянинг орқа илдизи кесилгандан сўнг сезги, олдингиси кесилгандан кейин ҳаракат йўқолишини аниқлади. Шундан сўнг у ёки бу функция нерв тизимининг қаерида жойлашганлигини аниқлаш учун миянинг турли тузилмаларини кесиш, кейинчалик уларга сунъий йўл билан таъсир этиш усулидан кенг фойдаланилди. И. М. Сеченов (1863) томонидан марказий тормозланиш, яъни нерв тизимининг маълум маркази таъсирланишидан унинг фаол ҳолати – қўзғлишини эмас, балки сўнишини вужудга келтирадиган ҳодисанинг кашф этилиши нейрофизиология ривожида муҳим босқич бўлди. Марказий нерв тизими фаолиятини ўрганишда Н.Е. Введенский, В. М. Бехтерев, инглиз физиологи Ч. Шеррингтон ва бошқа(лар)нинг ҳиссаси катта. Юрак-томир фаолияти ва нафасни бошқаришда бош мия сопининг ролини рус олимлари Ф. В. Овсянников, Н.А. Миславский, шунингдек, француз физиологи П. Флуранс, мияча ролини Италия олими Л. Лючиани аниқлаган. Бош мия ярим шарлари пўстлоғи фаолиятини экспериментал текширишни И. П. Павлов бошлаб берди, шу билан бирга, пўстлокда содир бўладиган нерв жараёнларини объектив қайд қилиш имкониятларини кўрсатди (қ. Олий нерв фаолияти). Рус физиологи A. А. Ухтомский нейрофизиологияга доминанта принципи ҳақидаги тушунчани киритди. Биолектр потенциалларини қайд қилиш усулининг кашф этилиши ва ишлаб чиқилиши туфайли нейрофизиологияда нерв ҳужайралари фаолиятини ва қўзғалиш ҳамда тормозланиш табиатини ўрганиш масалалари илгари сурилди.

Ҳоз. Нейрофизиология олдида нерв тизимининг интегратив фаолиятини ўрганиш масалалари турибди. Бу нерв тизимини кесиш ва турли қисмларини олиб ташлаш, унинг электр потенциалларини ички ва сиртқи электродлар ёрдамида синаш, нерв структурасига электр ва ҳарорат таъсир эттириш ва бошқа(лар) усулларга асосланган. Мия стволи ретикуляр формациясининг фаоллаштирувчи ҳамда тормозловчи таъсирини кашф этиш ва батафсил аниқлаш, соматик ва висцераль фаолиятларни бирлаштириб турадиган олий марказлардан бири бўлган мия лимбик тизимининг тавсиф этилиши, нерв ҳамда эндокрин тизимнинг бошқарилиш механизми гипотал. муедалигини аниқлаш ва бошқа(лар) кашфиётлар нейрофизиологиянинг ютуқларидандир. Нерв тизими фаолиятининг ҳужайра механизмини муфассал ўрганишда микроэлектрод техника ҳамда электрон микроскопия яхши натижа бермоқда. Микролектродларни нейрон ичига киритиб, турли типдаги нейронларда қўзғалиш ва тормозланиш қандай пайдо бўлиши, бу жараёнларнинг ҳужайра ичидаги механизми қай тарздалги, бир ҳужайра фаоллиги бошқасига қандай ўтиши тўғрисида маълумотлар олинган. Нерв тизими устида олиб бориладиган экспериментлар асосида баъзи нейрон ва нерв турларининг моделини ясаш ривожланмоқда. Замонавий нейрофизиология нейрокибернетика, нейрокимё, нейробионика каби фанлар билан чамбарчас боғланган.

[addtoany]