Эмбриология

Эмбриология [эмбрион ва., логия] – эмбрион (муртак, пушт)нинг ҳосил бўлиши ва ривожланиши қонуниятлари тўғрисидаги фан. Одам ва ҳайвонлар эмбриологияси ҳамда ўсимликлар эбриологияси фарқланади.

Одам ва ҳайвонлар эмбриологияси олд эмбрионал тараққиёт (оогенез, сперматогенез), уруғланиш, эмбриогенез, яъни тухум ва эмбрион парда ичидаги ривожланиш, шунингдек, личинкалик (кўпгина умуртқасизлар ва амфибияларда), постэмбрионал (балиқлар, судралиб юрувчлар ва кушларда) ёки постнатал (сут эмизувчиларда) даврларни ўрганади.

Одам эмбриологияси эмбрионнинг эркак жинсий ҳужайраси (сперматозоид) билан аёл жинсий ҳужайраси (тухум ҳужайра) нинг қўшилиб уруғланиши (муртак бошланғичи) пайтидан бошлаб то органларнинг вужудга келиши (органогенез)гача бўлган ривожланиш давларини ўрганади. Акушерлик амалиётида тухум ҳужайра уруғлангач, 8 ҳафтагача эмбрион, 9-ҳафтадан кейин ривожланиши ҳомила деб аталади, шунинг учун эмбрионнинг 9 ҳафтадан кейинги ривожланишидан то туғилгунича бўлган давр ҳомиладорлик даври ҳисобланади.

Эркак ва аёл жинсий ҳужайралари бачадон найи (тухум йўли)да бир-бирига қўшилади; уруғланган тухум ҳужайра най орқали бачадонга қараб интилади ва тахм. бир ҳафтада бачадонга етиб боради. Бачадоннинг шиллиқ пардаси муртакни қабул қилиб олишга тайёр туради. Муртак бачадон деворига пайвандлниб олади (имплантация) ва шундан бошлаб ўсиб, тараққий этади.

Эмбриологияда муртакнинг бир неча тараққиёт босқичи фарқ қилинади: оталанган тухумҳжайранинг бўлиниши, муртак варақларининг пайдо бўлиши, аъзоларнинг шаклланиши ва ривожланиши.

Вазифаси ва тадқиқот усулларига кўра, умумий, қиёсий, экспериментал, популяцион ва экологик эмбриология ажратилади. Қиёсий эмбриология далиллари ҳайвонларнинг табиий тизимини ишлаб чиқиш учун асос бўлади. Экспериментал эмбриология аъзо ва тўқималарни олиб ташлаш, кўчириб ўтказиш ва сунъий муҳитда ўстириш орқали уларнинг келиб чиқиши механизмлари ва онтогенезда ривожланишини ўрганади. Эмбриология цитология, генетика, биокимё, молекуляр биология ва бошқа(лар) фанлар билан биргаликда ривожланиши натижасида индивидуал ривожланиш қонуниятлари ҳақидаги фан – ривожланиш биологияси ёки цитогенетика вужудга келди.

Ҳиндистон, Хитой, Миср ва Юнонистодаги (мил. ав. 5-а.) эмбриологик тадқиқотларда диний-фалсафий таълимот акс этган. Бу қарашлар Гиппократ ва Аристотель асарларида ҳам ўз ифодасини топган. Гиппократ ва унинг издошлари одам эмбриони ривожланишини ўрганишга аҳамият бериб, уни товуқ тухумидан жўжанинг шаклланишига қиёслашни тавсия қилганлар. Аристотелнинг эмбриогенезда аъзоларнинг кетма-кет шаклланиши тўғрисидаги таълимоти эпигенетик тасаввурларга асосланган. Бу қарашлар 16-а. гача деярли ўзгаришсиз қолди. У. Гарвей асарининг нашр қилиниши (1651) эмбриология ривожида муҳим бурилиш ясади. Италиялик олим М. Мальпиги микроскоп ёрдамида жўжа ривожланишининг худди шу босқичида илгари маълум бўлмаган қисм (аъзоларини кўришга муваффақ бўлди (1672), у эмбриологияда 18-а. охиригача сақланиб келган преформистик тасаввурлар (эмбрион ривожланиши унда олдиндан мавжуд бўлган хилма-хил структурларнинг ўсишини ёқлаб чиққан. Бунга К. Ф. Вольф ўз асарларидаги (1759) маълумотлар билан қаттиқ зарба берди. Ҳоз. замон эмбриология сининг асосчиси К. М. Бэр сут эмизувчи ҳайвонлар ва одам тухумдонидаги тухумни кашф қилди ва тасифлаб берди (1827). Эволюцион қиёсий эмбриология Ч. Дарвин назарияларни асосланган. А. О. Ковалевский ва И. И. Мечниковнинг илмий изланишлари турли гапларга мансуб ҳайвонларнинг бир-бирига кариндошлигини исботлайди. А. О. Ковалевскийнинг эмбрионал варақлар тўғисидаги назариясига (1871) кўра, барча кўп ҳужайрали ҳайвонларнинг асосий аъзолар тизими дастлаб ҳужайра қатламлари кўринишида ривожланади. Бу кўп ҳужайрали ҳайвонлар барча типларининг келиб чиқиши бир эканини кўрсатади. Тавсифловчи тадқиқотлар билан бир қаторда экспериментал эмбриология ҳам ривожланмоқда. Илк эмбрионал ривожланиш, уруғланиш, бўлиниш, эмбрионал варакларнинг вужудга келиши, органогенез, гистогенез ва патологик ривожланишнинг турли кўринишларини ўрганиш, айниқса, кимёвий агентлар ёрдамида ривожланишни кучайтириш, эмбрионал шаклланишнинг ҳаракатлантирувчи кучларини аниқлаш, ҳужайра дифференциацияснинг генетик ва цитологик асосини очиш Ҳоз. замон эмбриологияси олдидаги муҳим масаладир.

Эмбриология маълумотларидан (тиббиётда турли аномал ва туғма мажрухдикларни олдиндан билиб олиш), қишлоқ хўжалиги амалиётида (масалан, организмга эмбрионал ривожланиш даврида таъсир этиб, чорва моллари зотини яхшилаш, баликларни, фойдали ҳашаротларни кўпайтириш, зараркнандаларни йўқотиш ва бошқа(лар) да) фойдаланилади. Эпидемиологик касалликлар қўзғатувчиси ва таркатувчиларига қарши курашни тўғри ташкил этиш учун эмбриология маълумотлари зарур.

[addtoany]