Эпидидимит [юн. epididymis – мояк ортиғи] – мояк ортиғининг яллиғланиши. Инфекция кириши ёки ёрғокка шикаст етиши сабаб бўлади. Стафилококк, стрептококк ҳамда сил, бруцеллёз, сўзак, зотидан келиб чиқадиган эпидидимитлар фарқ қилинади. Инфекция мояк ортиғга (грипп, зотилжам ва бошқа(лар) касалликларда) қон орқали ёки уруғ йўлларидан ўтади. Эпидидимит ўткир ва сурункали кечади. Ўткир Э. тўсатдан бошланади, мояк ортиғи, ёрғоқ соҳаси қаттиқ оғрийди, тана ҳарорати кўтарилади, оғриқ чов ва ёнбош соҳаларига тарқалади, мояк ортиғи катталашиб, қаттиклашади, ёрғокнинг тегишли ярми қизариб, шишади. Агар яллиғланиш кучли бўлса, моякда шиш пайдо бўлади. Сурункали Э. вақт-вақти билан қўзиб туради. Эпидидимитни вақтида олди олинмаса, касаллик уруғ ўтувчи йўлларнинг беркиниб қолиши ва бепуштликка олиб келиши мумкин.
Давоси. Ёрғокка суспензорий (махсус халтача) танлади, физиотерапевтик муолажалар (УВЧ терапия, ултратовуш), антибиотиклар буюрилади. Эпидидимитга сабаб бўлган омиллар бартараф этилади. Мояк ортиғи йирингласа операция қилинади.
[addtoany]