Филоёқ

Филоёқ, элефантиаз – тўқималарда лимфа димланиши оқибатида тери ва тери ости ёғ қавати калинлашиб, айрим аъзолар (масалан, лаб, бурун, қулоқ, оёқ, ёрғок ва бошқа(лар)) шишиб, йўғонлашиб кетиши билан кечадиган касаллик. Лимфа оқишининг бузилиши ва йўлларининг тўсилиб қолишига лимфа томирларидаги яллиғланишлар (сарамас, сурункали тромбофлбит, оёқ панжаси ва болдирдаги яралар) сабаб бўлади. Тропик мамлакатларда «Ф.»нинг сабабчиси лимфа томирларида паразитлик қиладиган ипсимон филярийлар ҳисобланиб, улар искабтопар чивини орқали тарқалади. Мохов касаллигининг тери қалинлашиши билан кечадиган хили қадимда «юнон филоёғи» деб юритилган; касаллик ҳам биринчи бор юнон врачлари томонидан аниқланган.

Филоёқда дастлаб товон бироз шишади; касаллик авж олганда шиш аста-секин панжа, тўпиқ, болдир ва сонга тарқалади, оёқ териси дағалашиб, касал оёқ шакли бесўнақай бўлиб, фил оёғига ўхшаб қолади. Баъзан оёқ терисида суюқлик билан тўла пуфакчалар пайдо бўлиши мумкин. Филоёқни фақат шифокор даволайди. Касалликнинг олдини олиш учун шахсий гигиенага риоя қилиш, теридаги ҳар қандай яллиғланиш жараёнларини ўз вақтида даволаш, яраларнинг ифлосланишига йўл қўймаслик зарур.

[addtoany]