Лимфа

Лимфа [лот. lympha – тиниқ сув, намлик] – одам ва умуртқали ҳайвонларнинг лимфа томирлари ва лимфа тугунларида бўладиган оқсил табиатли, таркибига кўра, қон плазмсига яқин рангсиз ёки оч сариқ суюқлик. Организмда лимфа ҳужайралар ва тўқималарни озиқ моддалар билан таъминлаш ҳамда моддалар алмашинуви маҳсулотларини чиқариб ташлаш вазифасини бажаради. Лимфа қондан тўқималарга узлуксиз ўтиб турувчи кислород ва озиқ моддаларга бой тўқима суюқлигидан ҳосил бўлади; ҳужайралардан тўқима суюқлигига ажралиб чиққан моддалар алмашинуви маҳсулотининг бир қисми қайтадан қонга ўтади, қисмани эса суюқлик билан лимфа капиллярларига ўтиб, лимфа ҳосил қилади. У таркиби ва хоссаларига кўра, қон плазмасидан фарқланади (оксиди, солиштирма оғирлиги ва ёпишқоқлиги кам бўлади ва ҳ. к.). Одам танасида тахм. 1-2 л Л. бўлади, у лимфа капиллярлари, лимфа томирлари ва лимфа йўллари бўйлаб ҳаракат қилиб, веноз қонга қўйилади. Лимфа суюқ қисм (лимфоплазма) ва шаклли элементлардан ташкил топган. Лимфоплазма таркибига оқсиллар, глюкоза, минерал моддалар, нейтрал ёғлар киради. Лимфанинг шаклли элементлари лимфоцитлар, моноцитлар ва лейкоцитларнинг баъзи турларидан иборат (қ. Қон). Бироқ аъзо фаолияти кучайганда унда Л. ҳосил бўлиши тезлашади. Лимфанинг миқдори ва кимёвий таркиби, жумладан, ундаги ёғ ва оксилнинг фоиз миқдори унинг қайси аъзодан оқиб келишига, мазкур аъзодаги моддалар алмашинувининг хусусиятларига боғлиқ. Масалан, ёғли овқат егандан сўнг ичак лимфа томирларида кўп миқдорда ёғ бўлганлиги туфайли Л. оқ рангга киради. Ички секреция безларидан ёқадиган Л. да эса маълум миқдорда гормонлар бўлади. Лимфа тугунларида Л. лимфоцитлар билан бойийди. Лимфа тугунларидан бир неча марта оқиб ўтиб, фильтрланади (туқималардан ўтган бактериялардан ва бошқа(лар) зарарли моддалардан тозаланади) (қ. Лимфа тизими).