Мохов

Мохов [араб. маҳв – йўқ қилиш ёки четлтиш], лепра, проказа – бутун организмни, хусусан, тери, нерв тизими ҳамда ички аъзоларни зарарлайдиган сурункали инфекцион касаллик. Уни кислотага чидамли мохов микобактерияси (Mycobactererium leprae Hansen) кўзғатади.

Касаллик тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Айрим тарихий қўлёзмаларда такидланишича, милоддан 3-3,5 минг йил аввал М. Мисрда учраган. Мўгулистон, Хитой каби давлатларда эса милоддан 2-2,5 минг йил илгари бу касалликка чалинган беморлар тўғрисида маълумотлар бор.

М. Европа давлатларида лепра деб юритилади ва шу ном билан жаҳон тиббиёт номенклатрасига киритилган.

Мохов қўзғатувчисини биринчи бўлиб, Норвегия шифокори Герхард Хансен 1871 й. да аниқлаган ва унинг номи билан Хансен таёкчалари деб юритилади. Таёқчалар тузилиши ҳамда айрим хусусиятлари билан сил таёкчаларига ўхшаб кетади.

Мохов билан фақат одамлар касалланади. Бемор соғ одам билан узоқ вақт маиший мулоқотда бўлганда юқади. Моховга катталарга қараганда болалар кўпроқ мойил бўлади. Шу боис аксарият ҳолларда хасталик беморнинг яқин қариндошларига, айниқса, фарзандларига тез юқади.

Касаллик аста-секин бошланади. Инкубацион даври 4-6 ойдан 5-6 йилгача, баъзан бундан ҳам узоқроқ. Спиртли ичимликларга ружу қилиш, кўп чекиш, ёлчитиб овқатланмаслик, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик бу даврни қискартириши мумкин. Инкубацион давр охирига келиб, беморнинг дармони қурийди, иситмаси кўтарилади, нералгик оғриқ, чов ва сон лимфа тугунларининг катталашиши, бурун қуриб, қонаб туриши кузатилади.

Моховнинг дифференциалланмаган, туберклоид ва лепроматоз шакллари бор.

Дифференциалланмаган (доғли) шаклида терининг айрим жойларида қизғиш-окимтир, оқимтир-пушти рангли катта-кичик доғлар пайдо бўлади. Улар тери дамидан бироз кўтарилиб туради. Соч тўкилади; терининг сезувчанлиги олдин ошиб, кейин йўқолади. Қулоқ оркаси, бўйин, елка ва тирсак нервлари йўғолашади. Бу шакл 4—5 й. дан кейин туберкулоид ёки лепроматоз шаклига ўтади. Туберкулоид моховда терида катта-кичик қизил тугунчалар ҳосил бўлиб, бир-бирига қўшилиб кетади. Лепроматоз мохов ўта юқумли ва оғир ўтади. Беморнинг пешонасида, оғзи-бурни атрофида, жағлари териси ва қулоқ супрасида жойлашган тугунлар унинг қиёфасини ўзгартириб қўяди. Касаллик ўчоғи соҳасидаги тери сезувчанлиги йўқолиб, айниқса, қош ва киприклар тўкилиб, беморни хунук қилиб қўяди.

Тугун ва дўмбоқчалар қаттиқлашади, улар мошдек, ҳатто нўхатдек бўлиши мумкин. Баъзан тўқиманинг геморрагик компонентлари қўшилиб, унинг ранги зангсимон бўлиб қолади. Оқибатда тўқималарнинг қон билан таъминланиши ёмонлашади, терида, айниқса, қўл-оёқ терисида қадеганда битавермайдиган трофик яралар пайдо бўлади. Катта тугунлар ва ифильтратлар чуқур яралар ҳосил қилади.

Кўз мугуз пардасининг инфильтратланиб яраланиши баъзан беморни бутунлай кўр қилиб қўяди. Марказий нерв тизимидаги ўзгаришлар беморда невротик бузилишларга (невроз, психоз), периферик нерв тизимининг яллиғланиши эса қаттиқ оғриқ билан кечадиган неврит ва полневритга сабаб бўлади. Қўл ва оёқларда (бамоклар ва панжаларда) оғриқ, ҳарорат ва тактил сезги йўкола бошлайди. Трофик ўзгаришлар натижасида беморнинг бармоқлари худди қурбақа ёки тюлень панжаларига ўхшаб қолади. Оёқ ва қўл деформацияланиб, мутиляция (бамоқларнинг тушиб кетиши) кузатилади.

Кўз қовоқлари мушакларининг кичрайиши оқибатида беморнинг кўзи охиригача ёпилмай қолади (логофтальм). Юз нервининг зарарланиши оқибатида мимика мушаклари атрофиланиб, беморнинг юз кўриниши ниқоб кийган ёки қайғули одамга ўхшаб қолади.

Моховлар махсус ташкил этилган лепрозориларт даволанади. Беморнинг оила аъзолари тери касалликлари диспансери назоратига олинади.

Сўнгги йилларда касалликнинг олдини олиш ва даволашга оид мукаммал чора-тадбилар ишлаб чиқилган. Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, бутун дунёда мохов касаллиги 2005 й. га келиб деярли йўкотилди.

[addtoany]