Флегмона [юн. plegmone – иситма, яллиғланиш] – ёғ қаватининг тарқоқ, ўткир йирингли яллиғланиши. Пайдо бўлган жойига кўра, тери ости (юза), мушаклараро (чуқур), қорин орти, буйрак (паранефрит) ва тўғри ичак атрофи (парапроктит) ёғ қаватлари флегмонаси ажратилади. Микроблар ёғ қаватига чақаланган, шикастланган тери ёки шиллиқ қават орқали, шунингдек, абсцесс, чипқон, ҳўппоз каби организмда мавжуд йирингли манбалардан ўтади (қ. Чипқон). Бунда, кўпинча, тери ости ёғ қавати яллиғланади. Флегмонада қаттиқ оғриқ ва шиш пайдо бўлиб, шу соҳа териси қизаради, анчагина жой яллиғланади. Касаллик зўрайганида ҳарорат кўтарилиб, эт увушади, кўнгил айниши, бош оғриғи ва бошқа(лар) кузатилади. Флегмона атрофдаги тўқималарга ҳам тарқалиб кетиши натижасида пай, бўғим ва мушакларнинг йирингли яллиғланиши юзага келади. Флегмона, асосан, операция йўли билан даволанади. Ўз вақтида олди олинса, бемор тезда тузалиб кетади, кечиктирилганда сепсис пайдо бўлиши мумкин. Панжа Ф. си оғирроқ кечганда бемор бармоқларини ҳаракатлантра олмай қолади. Флегмонанинг олдини олиш учун чақаланган жойларни, тери ва тери ости ёғ қаватининг йирингли касалликларини ўз вақтида даволатиш, шунингдек, тери ва шиллиқ қаватнинг шикастланишига йўл қўймаслик, гигиена қоидаларига риоя қилиш зарур.
[addtoany]